Аҳмадга бағишланган лавҳа

У Султондир, ҳар нарсани билгувчи ва Ҳаким! Мана, жаннат булбули Мангулик Дарахти бутоқларидан муқаддас ва ёқимли наволар ила куйлаётирки, у Оллоҳнинг яқинлиги ҳақидаги хушхабарни самимийларга тараннум этмоқда, Илоҳий Ваҳдониятга  ишонувчи мўминларни Карим Худо ҳузурига чорламоқда, инқитоъ этганларга Молик, Шонли, Воҳид Оллоҳ томонидан нозил этилган хабарни етказиб, ошиқларни муқаддаслик тахтига ва ушбу бетимсол Жамолга етакламоқда.                   

Чиндан ҳам бу – Расуллар Китобларида башорат қилинган Азим Гўзалликдирки, у боис ҳақ ботилликдан фарқлангай ва дин амрларининг ҳикматлари тасдиқлангай. Дарҳақиқат, У Қудратли, Азим Оллоҳнинг самарини бергувчи Ҳаёт Дарахтидир.

Ё Аҳмад! Гувоҳлик бергинки, дарҳақиқат, У Оллоҳ, илло Ундан ўзга Молик, Муҳофаза этгувчи, Беқиёс ва Қодир Оллоҳ йўқдир ва Унинг Али исми ила юборган Зоти, ҳақиқатда Оллоҳдан эди ва Унинг амрларига баримиз итоат этамиз.

Айт: Эй бандалар, Шавкатли, Ҳикматли Оллоҳнинг Баёнида ҳукм этилган қонунларга итоат қилгайсиз; У чиндан ҳам Расуллар Султони, Унинг Китоби эса Она китобдир, қани эди буни билсангиз.

Булбул ўз Каломини сизларга ушбу зиндондан туриб зикр этмоқда. У фақат ушбу пок хабарни етказгувчидир, холос. Кимки истаса, бу насиҳатдан юз ўгирсин ва кимки истаса, ўз Раббининг йўлини танласин.

Эй бандалар, агар ушбу оятларни рад этсангиз, Оллоҳга иймон келтирганингизни қандай исботлайсиз? Уни зоҳир этинг, эй ёлғончилар гуруҳи!

Йўқ, жоним Кимнинг қўлида бўлса, Унинг ёди ҳақи, улар бунга қодир эмаслар ва ҳеч қачон, ҳатто бирга йиғилиб, бир-бирларига мадад берганларида ҳам буни эплай олмаслар.

Ё Аҳмад! Менинг йўқлигимда иноятларимни унутма. Менинг кунларимни ўз кунларингда ёдда сақла, Менинг бу хилват зиндондаги кулфатларим ва ғурбатларимни ҳам эсла. Менга бўлган муҳаббатингда қатъий тур, душман қиличлари муттасил серманиб турганда ҳам, осмону заминдагилар сенга қарши юрганида ҳам собит бўл.

Душманларим учун нор алангаси, ҳабибларим учун эса боқий ҳаёт кавсари бўл ва шубҳаланувчилар сафидан бўлма. 

Мабодо, йўлимда кулфатга учрасанг ёки Менинг Исмим боис зиллат кўрсанг, зинҳор изтироб чекма.

Оллоҳга, сенинг ва аждодларинг Оллоҳига таваккул қил. Зеро, халойиқ ўз нигоҳи билан Оллоҳни кўролмайдиган ва ўз қулоғи билан Унинг наволарини эшита олмайдиган гумроҳлик йўлидан бораётир. Шу ҳолда биз уларни кўриб тургаймиз ва сен ҳам бунга шоҳидсан.

Бинобарин, уларнинг хурофотлари ўзлари ва қалблари ўртасида пардага айланиб, Олий, Азим Оллоҳ йўлидан четлантирмишдир.

Иймонинг комил бўлсинким, дарҳақиқат ушбу Жамолдан юз ўгирган кимса, азал-азалдан аввалги Расуллардан ҳам юз ўгирган ва Оллоҳга такаббурлик қилганлардан бўлади.

Ё Аҳмад, ушбу лавҳани хотирингга муҳрла! Ўз кунларингда уни куйла ва ўзингни бундан тўхтатма. Чунки Оллоҳ, дарҳақиқат, буни куйлагувчилар учун юзта шаҳид ажрини ва ҳар икки дунёдаги ибодат мукофотини тайин этган. Биз сенга Ўз неъматимиз ва Ҳузуримиздаги Марҳаматимиз сифатида, сен ҳам шукр қилганлар сафида бўлишинг учун ушбу иноятларни ато этдик.

Оллоҳ ҳақи! Кимки ушбу лавҳани бошига мусибат ёки ғам-кулфат тушганида сидқидилдан ўқиса, Оллоҳ  унинг  ғамларини аритгай, мушкулотини осон қилгай ва кулфатларини маҳв этгай.

Дарҳақиқат, У Марҳаматли, Раҳмону Раҳимдур. Алҳамдуллилаҳи Раббил Оламин.

                                                                                            Ҳазрати Баҳоуллоҳ 

Found a typo? Please select it and press Ctrl + Enter.

Warning: "continue" targeting switch is equivalent to "break". Did you mean to use "continue 2"? in /home/u82801/public_html/bahai.uz/modules/mod_je_accordionmenu/helper.php on line 73