[1]

“Ишонч Китоби” деб аталмиш мазкур асарда, Ҳазрати Баҳоуллоҳ Оллоҳ ва Унинг Элчиларининг табиати, ҳамда, инсоният учун руҳий ривожланишнинг мақсад ва моҳияти каби илоҳий сиру асрорларни ёритадилар.


КИТОБИ ИҚОН (Ишонч Китоби)

(c) Ўзбекистон Миллий Руҳоний Кенгаши


KITAB-I-IQAN
The Book of Certitude
ISBN 5-93283-001-8

БИРИНЧИ ҚИСМ

1.

БИСМИЛЛОҲИЛ БАҲОУЛ АБҲО

(Шонлилар Шонлиси Раббимиз номи билан)

Самовоту заминда мавжуд бўлганлардан буткул кўнгил узмаган банда, ирфон денгизи соҳилларига етиша олмас. Руҳингизни муқаддас айланг, эй замин аҳли, токи Оллоҳ сиз учун тақдир этмиш мақомга етинг ва Илоҳий Тақдирга кўра, Баён самосида қурилмиш чодирга дохил бўлинг.

2.

Ушбу сўзларнинг моҳияти шуки, иймон йўлига кирганлар ва ишонч шаробига ташналар, ўзларини барча дунёвий нарсалардан, яъни, қулоқларини беҳуда суҳбатлардан, фикрларини хом хаёллардан, юракларини дунёвий боғлиқликлардан, кўзларини фоний нарсалардан пок ва муқаддас айласинлар. Улар Оллоҳга таваккул этиб, Унинг этагидан маҳкам тутиб, Унинг йўлидан юрмоқлари лозим. Ўшанда, улар ирфон ва идрок қуёшининг порлоқ шафақларига лойиқ бўлиб, интиҳосиз бир ғайб фазлни ўзларида жой этурлар; зеро, банда олиму жоҳилларнинг сўзи, амали ва феъл-атворини Оллоҳ ва Унинг Авлиёларини тан олишнинг асоси ва Ҳақ маърифатининг мезони деб қабул қилар экан, ҳаргиз Иззат Соҳибининг Маърифат Ризвонига дохил бўлмас, бақо сарманзилига етиша олмас, илоҳий яқинлик ва ризо жомидан тота олмас.

3.

Ўтмишга назар солинг. Юксак ва паст мартабали кишилар ҳамиша Аҳадият Зуҳурларининг Муқаддас Шахслар орқали келишига мунтазир эдилар. Ва барча замонларда, илоҳий раҳмат насимининг эсишини, ваъда этилган Жамолнинг ғайб чодиридан чиқиб, бутун олам қаршисида зоҳир бўлишини дуоларда ёлвориб сўраганлар. Иноят дарвозалари очилиб, илоҳий карам булутлари инсоният узра тўкила бошлаганда ва самовий қудрат уфқидан ғайб Қуёши порлаганда эса, уларнинг бари Ундан тондилар ва Унинг, айни Оллоҳнинг юзидан юз ўгирдилар. Буларнинг бари ҳар бир муқаддас китобда батафсил ёзилгандир.    

4.

Ўз изланишларида иштиёқ ила ёнган кишилар томонидан кўрсатилган бундайин эътирознинг сабаби ҳақида бир зум фикрланг. Уларнинг шафқатсиз ҳужумини тил ёхуд қалам зикр этмоққа ожиз. Бирон бир Муқаддаслик Мазҳари йўқки, қачонки Ул зоҳир бўлганида, атрофдаги инсонларнинг эътирозу инкори ва шиддатли қаршилигига мубтало бўлмасин. Чунончи нозил этилди: “Вой бандалар ҳасрати! Уларга ҳеч бир Расул келмасин, унга истеҳзо этдилар.”[i] Яна буюрар: “Ҳар уммат ўз Расулига ҳамла қилиш учун ботил сўзлар ила баҳс қуриб, унинг ҳақиқатини ёлғонга чиқарди”.[ii]

 5.

Шунинг учун, илоҳий қудрат булутларидан ва иззат самосидан нозил бўлган бу сўзлар беҳисоб бўлиб, уларни бандаларга хос оддий идрок ила қамраб бўлмас. Чинаккам фаҳм ва зеҳн соҳиблари учун Ҳуд сураси кифоядир. Ўз қалбингизда ушбу муборак сура устида мушоҳада юритинг ва унинг асл фитратини англашга интилинг. Токи Анбиёларнинг ажойиб феъл-атворини синчиклаб таҳлил қилинг ва уни рад этган ёлғончи одам болаларининг тўҳмат ва инкорларини хотирланг. Шоядким, инсон қалби қушларини нафсий ғафлат ватанидан илоҳий ваҳдат ва маърифат ошёнига парвоз эттиринг ва лоязол ҳикмат булоғидан ичинг ва зулжалол илми дарахти меваларидан баҳраманд бўлинг. Муқаддаслик ва абадият суфрасидан пок юраклар учун нозил бўлмиш насиба ушбудир.

6.

Агар сиз Анбиёларнинг устига ёғдирилган ҳақоратлардан огоҳ бўлсангиз ва золимлар эътирозларининг асл сабабини тушунсангиз, Улар мақомининг аҳамиятини  сўзсиз англаб етган бўлар эдингиз. Бунданда ортиқроқ, илоҳий сифатлар зуҳури бўлмиш Зотларга қарши чиққанларнинг инкор-эътирозлари устида қанчалик кўпроқ мушоҳада этсангиз, Оллоҳ Амрида сизнинг иймонингиз шунчалик мустаҳкамроқ бўлади. Барча замонлар ва асрлар давомида, қудрат ва иззат Мазҳарларининг бошига шундайин кулфатлар солиндики, уларни тасвирлашга қалам хижолат чекар, бу ҳақиқатни исбот ва ошкор этмоқ учун, мазкур лавҳда Анбиёлар ҳақидаги ҳикоялар қисқача эсга олинажак. Шояд, бу далиллар баъзи бир одамларга даврнинг уламо ва нодонларининг бақир-чақир ва эътирозларидан хавотирга тушмасдан, аксинча, ўз иймон ва ишончларини кучайтириш учун сабаб бўлсин.

7.

Анбиёлар орасида Нуҳ бор эди. У тўққиз юз эллик йил Ўз қавмига насиҳат қилиб ёлвориб,  уларни тинчлик-омонлик воҳасига чақирди. Бироқ, ҳеч ким Унинг чақириғига қулоқ солмади. Ул муборак Зотга ҳар куни шу қадар азоб-уқубатлар етқазилар эдики, Унинг омон қолишига ҳеч ким ишонмасди. Қанчалар Уни инкор этиб, масхараю, истеҳзою, киноялар ила ранжитдилар! Чунончи, буюрмиш: “Ҳар сафар қавмдан бўлган зодагонлар Унинг ёнидан ўтсалар, Уни масхара қилардилар. У уларга деди: “Гар бизни масхара қилурсиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қилурмиз. Бас, охирда буни билурсиз”. [iii] Анчадан сўнг, У Ўз саҳобаларига бир неча маротаба ғалабани ваъда этиб, унинг вақтини муайян этди. Вақт-соати келганда эса, илоҳий ваъда амалга ошмади. Бу, шусиз ҳам камсонли саҳобалардан бир нечасининг Ундан юз ўгиришига сабаб бўлди, чунончи, бунинг тафсилоти аксари машҳур китобларда битилмиш. Ва албатта, сиз уларни ўқигансиз, йўқса, шубҳасиз ўқирсиз. Ниҳоят, китобу ривоятларда тасдиқ этилгани каби, Ул Ҳазрат ёнида қирқ ёки етмиш икки нафардан бошқа издош қолмади. Охир-оқибат, У борлиғининг қаъридан нидо этди: “Раббим! Ер юзида кофирлардан биронтасини қолдирма!”[iv]

8.

Энди эса, бу инсонларнинг гумроҳлиги устида бир қадар мулоҳаза юритинг. Улар томонидан кўрсатилган бунчалик эътироз ва ҳазарларнинг сабаби нимада эди? Уларни, инкор кўйлагини ечиб, қабул либоси билан безанмоқдан бош тортишга нима ундади? Қолаверса, нима сабаб бўлдики, илоҳий ваъда амалга ошмади ва толибларни қабул этган нарсаларидан тонмоқларига олиб келди? Теран мушоҳада этингки, ғайб нарсалар сиридан воқиф бўлгайсиз, ҳақиқий маънавият гулистонининг ифорларидан туйиб, ушбу ҳақиқатни тасдиқ этгайсиз, зеро Қудрат Соҳиби азал-азалдан ва абадул-абад Ўз бандаларини синовга солган ва солишда давом этади, токи нур зулматдан, рост ёлғондан, ҳақ ботилдан, ҳидоят залолатдан, хушбахтлик бадбахтликдан, гул тикандан мумтоз ва маълум ажралиб турсин. Чунончи, У буюрмиш: “Одамлар “Иймон келтирдик(мўминмиз)” дейиш билан, имтиҳон қилинмай ўз ҳолларига ташлаб қўйилади деб ўйлайдиларми?”[v]  

9.

Нуҳдан кейин, хилқат машриғидан Ҳуд жамолининг нури порлади. Айтишларига кўра, қарийиб етти юз йил давомида, У инсонларни Зулжалол Ризвонига яқинлашиш ва унинг ҳузури томон юз қаратишга даъват этди. Унинг узра қанча балолар ёғилди, У қанчалик кўп даъват этмасин, шунчалик кўпроқ исён туғдирди ва Унинг оташин уринишлари қавмининг қайсарона кўрлигига олиб келди. “Кофирларнинг куфри уларнинг ўзига зарар орттирар”. [vi]

10.

Ундан кейин, муборак Зот бўлмиш Солиҳ, маънавий ғайб Ризвонидан қадам қўйди ва инсонлaрни янгидан боқий ҳаёт дарёсига яқинлашишга даъват этди. Юз йилдан кўпроқ муддат давомида, У уларга Илоҳий ҳукмларни бажариш ва ман этилган нарсалардан кечишни амр этди. Лекин, Унинг насиҳатлари самарасиз ва Унинг ёлворишлaри натижасиз қолди.  У бир нeча марта тарки дунё этиб, танҳоликда яшади. Ҳолбуки, ушбу азалий Жaмол инсонлaрни фақатгина Оллоҳ шаҳрига чорламиш эди. Чунончи, буюрмишки: “Ва Сaмудга биродари Солиҳни юбордик. У дeди: “Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз, сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдур…”. Улaр жавоб бeрдилар: “Эй Солиҳ, сен илгари ичимиздаги энг умидли киши эдингку; энди бизларни отa-боболаримиз ибодат қилиб келган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сен даъват этаётган динингдан шак-шубҳадамиз.”[vii] Буларнинг бари бефойда бўлди ва охир оқибат, улкан фарёд кўтарилиб, барчалари оташга мубтало бўлдилар”.

11.

Ундан сўнг, Ҳалилуллоҳ[viii] жамоли ниқоб ортидан ўзини кашф этди ва илоҳий ҳидоятнинг яна бир туғи қад кўтарди. У замин аҳлини тақво нуригa даъват этди. У, уларга қанчалик иштиёқ ила насиҳат этмасин, улардаги ҳасад ва ғафлат шунчалик авжига чиқди, фақатгина Оллоҳдaн бошқa ҳар нарсани инқитоъ этганлар ва ишонч қанотларида, инсоний идрокдaн юксак бўлмиш илоҳий мақомга кўтарилганлар бундан истисно бўлдилар. Маълумки, ёв галалари Уни шу қадар исканжага олдики, охир-оқибат Унга қарши ҳасад ва исён ўти ёндирилди. Олов қиссасидан сўнг, инсонлар орасида Илоҳий Сирож бўлмиш Ул Зот ўз шаҳридан қувилди, чунончи, бу ҳақда барча китоб ва йилномаларда битилмишдир.

12.

Унинг замони тугагaндa, Мусонинг навбати келди. Ул Ҳазрат Самовий асо ила қуролланиб, қўлини Илоҳий маърифат мўъжизаси ила безаб, Оллоҳ муҳаббати Форонидaн чиқибон, самадоний шавкат ва қудрат илонини ўз измида ушлаб, нур Синосидaн дунёга зоҳир бўлди. Ул Зот, ер юзининг жамийки xaлқлaри ва элaтлaрини абадият салтанатига чорлади ва улaрни вафо дарахти мeваларидан тотмоққа даъват этди. Албатта, Фиръавн ва унинг қавми нақадар шиддат ила Унга қарши чиққанини ва мушрик қўлларнинг Ул муборак Шажарага шубҳа тошлaрини отганини эшитгансиз. Шу даражагача етиб бордики, охийри Фиръавн ва унинг қавми кўтарилиб, Ул муқаддас Сидра ўтини инкор ва бўҳтон сувлaри билан ўчирмоқ учун қўлларидан келганини қилдилар, фақат, улар бир ҳақиқатдан бехабар эдилар, ҳeч бир моддий сув илоҳий ҳикмат ўтини сўндира олмас, ҳeч бир мухолиф тўфон раббоний қудрат чироғини ўчира олмас. Билъакс, агар сиз ички нигоҳ ила боқсангиз ва Оллоҳ ризолиги йўлидан юрсангиз, кўрурсизки, бундай сув ўша ўтни янада аланга олдиради, бундай тўфон эса ўша чироқни қўриқлайди. Фиръавн авлодидaн бўлган бир мўмин шунчалик гўзал баён этмишки, чунончи, унинг ҳикоясини Раббул Иззат Ўз Ҳабибига буюрмиш: “Фиръавн хонадонидан бўлган, ўз иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши дeди: “‘Менинг Раббим Оллоҳдир’ дeган кишини ўлдирасизми? Ҳолбуки, У сизга Раббингиздан очиқ ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига, агар ростгўй бўлса, сизларга у ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қоладику. Албатта, Оллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас”.[ix]  Ниҳоят, улaрнинг зулми  шу даражагача бордики, ўша мўминни оғир азобларга солиб шаҳид этдилар. “Оллоҳнинг лаънати золим қавм устига бўлсин”.[x]

13.

Ва энди бу ишлар устида ўйлаб кўринг. Бундай қарама-қаршиликларга нима сабаб бўлиши мумкин эди? Нима учун ҳар бир Оллоҳ Мазҳарининг келиши, бундай жанжал ва саросима, бундай зулм ва ғалаёнлар билан кечган? Буларга қарамай, жамийки Анбиёлар, қачонки, дунё халқлари орасида зоҳир бўлмасин, Ўзларидан сўнг, бошқа бир Пайғамбарнинг келишини башорат қилганлар, ҳамда, келажак зуҳурларга хос аломатларни айтиб ўтганлар. Чунончи, барча муқаддас китоблардаги битиклар бунга гувоҳлик бергай. Бас, унда нима учун Муқаддаслик Мазҳарларининг келишини талпиниш ва зориқиш билан кутган одамлар, муқаддас китоблардa ёзилмиш аломатларга қарамай, Оллоҳнинг жамийки Анбиё-ю Асфиёларига қарши ҳар бир аср ва даврда бунчалар тажовуз, зулм, жабр ва шафқатсизлик кўрсатганлар? Чунончи, буюрилмиш: “Ҳар замону асрда, Парвардигор томонидан бир Пайғамбар сизларнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса билан келса, такаббурлик кўрсатиб, мўмин бўлмадингиз ва баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини эса ўлдиравердингиз”. [xi]                

14.

Мулоҳаза юритинг, бундайин амалларнинг сабаби нима? Зулжалол жамолини таратгувчи Зотларга нисбатан бундай муомала қилишга нима ундаши мумкин? Ўша даврдаги одамлар инкор ва эътирозининг сабаби нима бўлган бўлса, мазкур давр одамларининг ғафлатига ҳам ўша сабабдир. Оллоҳ далилининг комил эмаслигини таъкидлаш ва буни инсонлар эътирозига сабаб қилиш, ошкора куфрдир. Бир томондан, ўз халқини ҳидоят этмоқ учун инсонлар орасидан бир нафарини танлаб, аммо, Унга етарлича ҳужжат ато этмаслик, бошқа томондан эса, Сайланган Зотни қабул қилмаганликлари учун халққа оғир жазо бериш, Фаёз файзидан нақадар йироқдир! Аксинча, борлиқ Султони азалдан жамийки мавжудотларни ўз Илоҳий Моҳиятининг Мазҳарлари воситаси ила қамраб келган. Бир он бўлсада, Унинг файзи тугамаган ва башар узра иноят булутларидан раҳмат ёмғирлари ёғишдан тўхтамаган. Бинобарин, бундай воз кечмоқлик, кибр ва ғурур водийсида сайр этиб, олислик саҳроларида кезган, ўз шак-шубҳалари ва уламоларидан эшитганларига эргашган кишиларнинг тор тушунчасининг оқибатидан бўлак нарса эмас. Шу сабаб, уларнинг эътироздан бошқа асосий ташвиши йўқ; уларнинг ягона тилаги ҳақиқатни менсимасликдир. Ҳар бир ички нигоҳ ила мушоҳада этгувчи учун ойдин ва ошкордирки, агар бундай инсонлар Ҳақиқат Қуёшининг Мазҳарларидан ҳар бирининг кунларида кўзлари, қулоқлари ва қалбларини, кўрган, эшитган ва ҳис этганларидан пок ва муқаддас этсалар эди, улар, албатта, Оллоҳ гўзаллигини кўрмоқдан маҳрум бўлмаган, Унга яқинлик ва висол масканидан четда қолмаган бўлар эдилар. Ҳар қачон, Оллоҳнинг далил-ҳужжатлари ўз уламолари таълимотидан олинган билимлар мезонида ўлчаниб, заиф ақлларига мувофиқ келмаганида, улар шундайин нолойиқ ҳатти-ҳаракатларни амалга оширардилар.

15.

Ҳар бир даврда, дин пешволари ўз қавмларига абадий нажот соҳилларига етишмоқларида монеълик қилиб келганлар, зеро, улар ҳокимият жиловини ўз қўлларида маҳкам тутганлар. Баъзилари ҳокимиятга ҳирс қўйганлигидан, бошқа бирлари эса, билим ва тушунчаси етишмаслигидан ўз халқининг маҳрумиятига сабаб бўлдилар. Уларнинг изни ва фатволари билан, ҳамма Анбиёлар қурбонлик қадаҳидан ичиб, иззат зирваларига парвоз этдилар. Ўша давр ҳукмдорлари ва уламолари оламнинг Ҳақиқий Султонлари ва Илоҳий Фазилат Жавоҳирларига қарши не-не зулмлар ўтказдилар! Фоний ҳукмронликка қонеъ бўлиб, улар, мангу салтанатдан ўзларини маҳрум этдилар. Чунончи, кўзларини Маҳбуб жамоли нурини кўришдан, қулоқларини эса, Мақсуд Кабутарининг наволарини эшитишдан бенасиб этдилар. Шу боис, жамийки самовий китобларда ҳар бир давр уламоларининг аҳволи зикр этилмишдир. У шундайин буюрар: “Эй, аҳли китоб! Нима учун ўзларингиз гувоҳ бўла туриб, Оллоҳнинг оятларига куфр келтирасиз?”[xii] Шунингдек, У буюрар: “Айт: Эй, аҳли китоб! Нима учун ҳақни ботил билан аралаштирасиз?[xiii] Нима учун била туриб ҳақни яширасиз?” Бошқа бир жойда буюради: “Эй, аҳли китоб! Нима учун иймон келтирган кишиларни Оллоҳ йўлидан тўсиб, қайтарасиз?”[xiv] Илоҳий назар билан қарасангиз маълум бўладики, мардумни сиротал-мустақимдан қайтарган “китоб аҳли”, ўша давр уламоларининг ўзлари эдилар ва уларнинг номларию, қилмишлари муқаддас китобларда ва ояту ҳадисларда ёзилмиш.

16.

Энди эса, Оллоҳнинг қусурсиз назаридан туғилган ўз қатъий ва зийрак нигоҳингизни раббоний илм уфқига қаратинг ва Абадийлик томонидан нозил этилган комил сўзлар борасида ўйлаб кўринг, токи жалол пардаси ортида ва Унинг фазли чодири ичра пинҳон бўлган илоҳий ҳикмат сирлари сизга зоҳир ва ҳувайдо бўлгай. Ушбу дин пешволарининг инкор ва эътирозлари, асосан, уларнинг билим ва тушунчаларининг озлигидан келиб чиққан. Ягона Ҳақ жамол Мазҳарлари томонидан келажак Зуҳурларнинг аломатлари ҳақида айтилган баёнларини  ҳеч қачон тушунмадилар ва унинг моҳиятини англамадилар, шунинг учун улар исён туғини баланд кўтариб фитна-фасод уюштирдилар. Равшанки, Абадият Кабутарлари сўзларининг ҳақиқий маъноси Азалий Мавжудлик бўлмиш Зотлардан бошқа ҳеч кимга очиқ эмас, Маънавият Булбулининг тароналари эса, Бақо салтанати аҳлидан бошқа ҳеч кимнинг қулоғига етиб бормас. Зулм қибтиси, адолат сибтисининг дудоқлари ичган қадаҳдан ҳеч вақт тотмас, кофирлик фиръавни ҳеч вақт Ҳақиқат Мусосининг қўлини тан олишга умид қилмас. Чунончи, буюрар: “Унинг тафсирини Оллоҳдан ва илмда собит бўлганлардан бошқа ҳеч ким билмас”.[xv] Бунга қарамай, улар Kитоб тафсирини пардалар билан тўсилганлардан сўрадилар ва илмни унинг манбасидан олишдан бош тортдилар.

17.

Чун, Мусо айёми тугаб, Исо шуъласи Руҳ машриғидан порлабон, оламни мунаввар этганда, жамийки яҳудийлар Унга эътироз этиб кўтарилдилар. Улар даъво этдиларки, Тавротда ваъда қилинган Зот келиб, Мусо қонунларини тасдиқ этмоғи ва амалга оширмоғи керак, ҳолбуки Масиуллоҳ мақомига даъво этган ушбу Насроний йигит, Мусонинг энг жиддий ҳукмлари бўлмиш, талоқ ва шанба қонунларини бекор этмишдир. Бундан ортиқ, Зуҳур аломати нимада бўлсин? Чунончи, яҳудийлар, ҳатто бу кунда ҳам Таврот дарак берган Мазҳарни кутмоқдалар! Мусо давридан буён қанча Муқаддаслик Мазҳарларию, қанча абадий нур машриқлари зуҳур этилмасин, яҳудийлар энг қатъий шайтоний шак-шубҳа пардаларига ўраниб, хаёлий бут учун ўзлари ўйлаб чиққан аломатларнинг қачон зоҳир бўлишини ҳанузгача кутарлар. Оллоҳ бундай гуноҳларига кўра уларни жазоламиш, уларда иймон руҳини сўндирмиш ва уларни жаҳаннам оташи азобига маҳкум этмишдир. Зеро бу, келажак Мазҳарнинг аломатлари ҳақида Тавротда нозил этилмиш сўзларнинг маъносини тушунмоққа қодир эмасликларидан бўлди. Шунинг учун, Исо жамолини танимоқликдан маҳрум бўлдилар ва Илоҳий Лиқони кўришга нойил бўлмадилар. Ва ҳамон, Унинг келишига мунтазирлар! Азал-азалдан ва бугунга қадар, барча умматлар шундай хом хаёллар ва нолойиқ фикрларга ёпишиб, ўзларини латиф муқаддаслик чашмаларидан оқаётган пок сувлардан бебаҳра ва бенасиб этдилар.

18.

Бу сирларни кашф қилар эканмиз, Биз, ширали Ҳижоз тилида дўстлардан бирига аталган аввалги Лавҳларимизда, ўтмиш Анбиёларига нозил бўлган оятлардан бир нечасини зикр этиб ўтдик. Энди эса, сизнинг саволингизга жавоб берар эканмиз, бу саҳифаларда яна ўша оятларни, аммо бу гал, Ироқ лаҳжасининг хушнаво оҳангида айтиб ўтамиз, токи олислик саҳросида кезган ташналар яқинлик уммонига етишсинлар, ҳамда, ҳижрону фироқ чўлларида саргардон юрганлар абадий висол чодирига йўл топсинлар. Токи, залолату гумроҳлик булутлари тарқалиб, жаҳонтоб ҳидоят қуёши қалблар уфқи узра порласин. Биз Оллоҳга таваккул этиб, Ундан мадад беришини илтижо этгаймиз, шояд, ушбу қаламдан неки тўкилса, инсонлар руҳини тирилтирсин, уларнинг барини ғафлат тўшагидан кўтарсин, ҳамда, улар Оллоҳ изни ва илоҳий қудрат қўли ила Абҳо Ризвонида экилмиш дарахтнинг япроқларидан жаннат шивирини туйсинлар.

19.

Идрок соҳиблари учун очиқ ва ойдинки, Исо муҳаббати оташи Яҳудий чеклов пардаларини куйдириб ташлаганда ва Унинг ҳокимияти намоён бўлиб, қисман кучга кирганда, Ғайб Жамолининг Мазҳари бўлмиш Ул Зот, кунларнинг бирида Ўз саҳобаларига мурожаат этар экан, уларнинг юракларида жудолик ўтини ёқиб, ўз ўлимидан сўз очди: “Мен кетарман ва яна қайтарман”. Ва бошқа бир жойда эса, шундай буюрди: “Мен кетарман ва Мендан кейин бошқаси келар ва Мен айтмаган нарсаларнинг ҳаммасини сизга айтар ва Менинг айтганларимни амалга оширар”.  Гар сиз, Тавҳид Мазҳарлари ҳақида ички илоҳий нигоҳ билан мулоҳаза юритсангиз, кўрасизки, ҳар икки жумланинг маъноси бирдир.

20.

Ички нигоҳ билан қараган ҳар бир киши кўрадики, Қуръон Зуҳури замонида Исонинг Китоби ҳам, Амри ҳам, ҳар иккаласи қарор топган эди. Исмлар мақомига кўра, Ҳазрат Муҳаммаднинг Ўзлари баён этганлар: “Менман Исо”. Ул Зот Исо аломатлари, башоратлари ва каломларининг ҳақиқатини тасдиқ этиб, уларнинг барчаси Оллоҳдан эканлигига шаҳодат келтирган эдилар. Бу маънода, на Уларнинг Шахсиятлари ва на Китобларида фарқ бор, зеро, ҳар икковлари ҳам Оллоҳ Амрини мудофаа этдилар, Унинг таърифини сўйладилар, Унинг қонунларини нозил  этдилар. Шу боис, Исонинг Ўзи шундай буюрди: “Мен кетарман ва яна қайтарман”. Қуёшни тасаввур этинг. Қачонки, бугунги куннинг қуёши: “Мен кечаги қуёшман” деса, тўғри сўйлаган бўларди. Ва агар, вақтнинг кечишини назарда тутиб, у, бошқа бир қуёш эканлигига иддао этса, унда ҳам тўғри сўйлаган бўлар эди. Худди шундай, кунлар ҳақида ҳам мулоҳаза юритинг, гар барча кунлар аслида бир хил дейилса ҳам, тўғри ва ҳақиқат бўлади. Ва агар, улар аталиши ва белгиланишига кўра фарқланади дейилса ҳам, яна тўғри бўлар эди. Зеро, улар бир хил бўлсада, ҳар бирининг ўзига хос исми, белгиси, хусусият ва сифати борлигини кўриш мумкин. Турли Муқаддаслик Мазҳарларининг мақомига хос бўлган фарқу, тафовут ва бирликни ҳам худди шу тариқа тасаввур этинг, токи жамийки ном ва сифатлар Холиқининг фарқ ва бирлик сирларига оид ишораларини англагайсиз, ҳамда, ҳар бир замонда Азалий Жамол нечун Ўзини турли исму унвонлар ила атаган деган саволингизга жавоб топасиз.

21.

Сўнг, Исонинг саҳоба ва ҳаворийлари Ул Зот Зуҳурининг қайтиш аломатлари борасида суриштирдилар. Булар қачон юз бергай, дея улар савол бердилар. Улар бу саволни беқиёс Жамолдан бир неча бор сўрадилар ва ҳар сафар, Ул Ҳазрат ваъда қилинмиш Зуҳурнинг ўзига хос аломатини айтиб ўтдилар. Чунончи, бунга тўрт Инжил гувоҳлик берар.

22.

Ушбу Мазлум бунга бир мисол келтиради ва Оллоҳ ҳақи, унинг бирла, инсонларни муқаддас Дарахт хазинасининг пинҳон неъматлари ила сийлайди, токи фоний бандалар боқий мевалардан маҳрум қолмасинлар, шоядким, “Доруссалом” Боғдодидан одамзот учун оқаётган абадий ҳаёт анҳорининг қатрасига нойил бўлсинлар. Биз на ажр ва на мукофот истаймиз. “Биз сизларнинг руҳингизни Оллоҳ ҳақи озиқлантирамиз; сиздан на тўлов ва на оқибат кутамиз”.[xvi] Покиза қалб ва мунаввар руҳлар учун абадий ҳаётбахш озуқа шудир. Бундайин нон ҳақида дейилмиш: “Тангрим, бизга самолардан Ўз нонингни юбор”. [xvii] Ушбу нон, аҳли муносиблардан ҳеч қачон олиб қўйилмайди ва у ҳеч қачон тугамайди. Ва ҳар доим у, фазл дарахтидан ўсади; ва барча фаслларда у, раҳмат ва адолат самовотидан тўкилади. Чунончи, Ул Зот буюрмиш: “Оллоҳ эзгу сўзни нимага қиёслашини кўрмайсизми? Эзгу бир дарахтга; унинг илдизлари мустаҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонларга бўй чўзган: барча фаслларда мудом мева бергай”. [xviii]

23.

Гар инсон ўзини бундайин латиф туҳфадан, бундайин доимий неъмат ва абадий ҳаётдан маҳрум этса, ҳайф бўлур. Бас, ушбу маънавий ноннинг қадрини билиш лозим, токи Ҳақиқат Қуёшининг ҳайротомуз лутфлари ила жасадлар тирилиб, интиҳосиз Руҳ воситаси ила сўлиган руҳлар жонлансин. Шошилгин, эй биродарим, токи танда жон бор экан, абадият сувларидан ичайлик, зеро ҳаёт ифори Жонон (Миср) шаҳридан ҳамиша эсмагай, муқаддас баён дарёлари ҳамиша оқмагай ва Ризвон дарвозалари ҳамиша очиқ бўлмагай. Бир кун келиб, албатта, жаннат Булбули қудсий гулистондан илоҳий ошёнига парвоз этар. Ўшанда, на булбул навоси эшитилгай ва на гул жамоли кўрингай. Бас, вақтни ғанимат бил, токи илоҳий баҳор шукуҳи бор экан ва Азалий Кабутар ўз таронасини куйлар экан, қалбинг қулоғи унинг садосини эшитмоқдан бебаҳра қолмасин. Бу Менинг ўша жанобга ва Оллоҳнинг ҳабибларига насиҳатимдир. Истаган қабул этсин, истамаган юз ўгирсин. Дарҳақиқат, Оллоҳ инсондан, у кўрган ва шоҳид бўлган нарсалардан мустағний ва мустақилдир.

24.

Булар, Марям Ўғли Исо томонидан Инжил Ризвонида, Ўзидан кейинги келадиган Мазҳар аломатлари ҳақида, улуғвор бир лаҳнда тараннум этилган куйлардир. Маттога мансуб бўлган биринчи Инжилда ёзилмиш: “Кейинги Зуҳур келишининг аломатлари ҳақида Исодан сўраганларида, У жавоб берди: “ўшал кунларнинг тазъйиқидан[xix] сўнг, қуёш сўнади ва ой нур сочмай қўяди ва юлдузлар осмондан тўкилади ва замин кучлари ларзага тушади: шунда, инсон Ўғлининг аломати осмонда пайдо бўлади, заминдаги барча қабилалар оҳу-нола чекади ва улар самовий булутлар узра инсон Ўғлининг қудрат ва буюк иззат ила келишини кўрадилар. Ва У, ўз фаришталарини азийм сур садоси ила юборади”.[xx] Форс тилига таржима қилинганда[xxi], бу сўзларнинг маъноси шундай: қачонки, зулм ва балолар бутун одамзотни қамрагач, қуёш порлашдан тўхтайди, яъни қоронғулик тушади ва ой нур сочмай қўяди, кўкдаги юлдузлар ерга тўкилади, замин устунлари зилзилага тушади. Ўша вақтда, инсон Ўғлининг нишоналари осмонда кўринади, яъни Ваъда этилмиш Жамол ва борлиқ Жавҳари бу аломатларни намоён этиб, ғайб маконидан аён оламга қадам қўяди. Ва У буюрар: ўшанда ер юзида яшайдиган жами қабилаю элатлар оҳу-нола чекиб, илоҳий Жамолнинг қудрат, азамат ва ҳашамат ила булутлар узра кўкдан тушишини кўрарлар. У Ўз малакларини азийм сур садоси ила юборгай. Луқо, Марқус ва Юҳаннога мансуб бўлган бошқа уч Инжилда ҳам, худди шундай гаплар ёзилмиш. Ва чун, араб тилида нозил бўлган Лавҳларимизда бу масалалар батафсил ёритилгани сабаб, бу саҳифаларда уларга тўхталмасдан, биргина мисолни эсга олиш билан кифояландик.

25.


Инжил уламолари бу сўзлар маъносини англамаганликлари, уларнинг мақсад ва моҳиятини кўра олмаганликлари, ҳамда, Исо сўзларининг том маънодаги (сўзма-сўз) талқинига ёпишиб қолганликлари сабаб, Ҳазрат Муҳаммад Зуҳурининг файзи ва унинг инояти оқимидан маҳрум қолдилар. Ўша тоифадаги жоҳиллар ўз дин пешволарига эргашиб, Жалол Султонининг жамолини кўра олмадилар, чунки Ҳазрат Муҳаммад Зуҳури Қуёши шафағидан дарак бергувчи аломатлар яққол юз бермади. Асрлар ўтди ва замонлар охирига етди, ва Ул Руҳ Жавҳари боқий салтанат диёрига қайтди. Абадий Руҳ илоҳий сурни қайта уфурди ва ўликларнинг ғафлат ва залолат қабрларидан кўтариб, ҳидоят замини ва иноят ўлкаси сари талпинмоқларига сабаб бўлди. Ҳануз ҳам, ўша гуруҳ интизорлик ила нола этар: “Бу аломатлар қачон намоён бўлгай? Қачон бизнинг Мақсудимиз, Ваъда этилган Зот келгайки, биз Унинг Амри ғалабаси учун оёққа қалқиб, бор бойлигимизни Унинг ҳақи эҳсон қилиб, жонимизни Унинг йўлида қурбон этгаймиз?”  Шу йўсинда, сохта тасаввурлари сабаб бўлиб, бошқа умматлар ҳам Парвардигорнинг интиҳосиз маънавий марҳамати Кавсаридан олисда қолдилар ва ўз хом хаёлларига берилдилар.

26.

Ушбу парчадан ташқари, Инжилда яна бир оят бор: "Осмону замин заволга юз тутар, лекин Менинг каломим ҳаргиз завол билмас”.[xxii] Шунинг учун, аҳли Инжил айтадиларки, Инжилнинг ҳукми ҳеч қачон бекор қилинмайди, ва қачонки ваъда қилинган Жамол намоён бўлиб, барча аломатлар зоҳир бўлса, Ул Зот Инжил қонунларини тасдиқлаши ва ўрнатиши керак бўлади, токи оламда Унинг динидан бошқа дин қолмасин. Бу уларнинг асосий эътиқоди. Уларнинг фикрига кўра, агар бирон бир киши ваъда қилинган барча белгилар билан пайдо бўлса-ю, Инжил ҳукмининг ҳарфига зид бўлган бирон-бир нарсани эълон қилса, улар шаксиз уни рад этиб, унинг ҳукмига бўйсунмаcликлари, қолаверса, уни кофир деб эълон қилиб, истеҳзо қилишлари керак. Чунончи, Ҳазрат Муҳаммад Қуёшининг Зуҳури бунга тасдиқдир. Гар улар ҳар бир Зуҳур даврида муқаддас китобларда битилмиш ушбу калималарнинг асл маъносини, яъни, одамларни ниҳоят Мақсад бўлмиш Садрат ул-Мунтаҳони танимоқликдан маҳрум қилиб, тушунмовчилик сабабига айланган калималарни, Аҳадият Мазҳарларидан тавозе билан сўраганларида эди, албатта Ҳидоят Қуёшининг нури ила йўналган, ҳамда, илму-ҳикмат сирларини очган бўлар эдилар.  

27.

Энди эса, ушбу банда мазкур муқаддас сўзлар ичра пинҳон бўлган маънолар уммонидан бир қатрасини сен билан бўлишади, токи ички нигоҳ ва идрок соҳиблари Муқаддаслик Мазҳарлари баён этган барча ишораларнинг маъносидан воқиф бўлсинлар, токи илоҳий Каломнинг ҳашамати уларни Унинг исму сифатлари денгизига етишишдан тутиб қолмасин ва улар Ул муборак Зот жилосининг арши бўлмиш, Аҳадий Чироқни таниқмоқликдан маҳрум бўлмасинлар.

28.

“Ўша кунларнинг тазъйиқидан кейин” сўзларининг маъносига келганда, бу, инсонлар зулм ва тазъйиққа учраган шундай замонни билдирадики, унда, Ҳақиқат Қуёшидан асар ҳам қолмайди ва илму-ҳикмат Дарахтининг мевалари инсонлар орасидан йўқолиб, одамзод жилови нодон ва жоҳиллар қўлига ўтади, яратилмишнинг асл мақсади бўлмиш илоҳий тавҳид ва маърифат дарвозалари ёпилиб, илм шубҳага айланади ва ҳидоят мақомини разиллик эгаллайди. Чунончи, бундай ҳолатга бугун ҳам гувоҳлик бериш мумкин, ҳар гуруҳнинг жилови, уни ўз истак-иродасига кўра бошқараётган жоҳиллар қўлида бўлиб, уларнинг тилларида Оллоҳ зикридан фақатгина қуруқ ном ва Унинг Муборак оятларидан эса, пуч ҳарф қолгандир. Нафсу-ҳаво силсиласи шу даражада ғолиб бўлмишки, уларнинг юракларида виждон ва идрок чироғини ўчиргандир, ҳолбуки, илоҳий қудрат бармоқлари Оллоҳни танимоқлик эшикларини очмиш, илоҳий билим ва самовий фазл нури бутун яратилмиш нарсалар моҳиятини қайта нурга тўлдириб, илҳомлантирмиш ва ҳар нарсада бир илм боби очилмиш, ҳар бир заррада қуёш излари ошкора бўлмишдир. Бутун дунёни қамраб олган илоҳий илму-маърифат зоҳирлигининг кўплигига қарамай, улар, ҳанузгача илм дарвозалари берк ва илоҳий раҳмат ёмғирлари тўхтатилган, деган бўш тасаввурлари ичра қолмоқдалар. Хом хаёлларга ёпишиб, улар мустаҳкам Урватул-Вусқо илоҳий илмидан йироқларда қолдилар. Гўё, уларнинг табиатида на илм ва унинг дарвозаси сари майлу-рағбат бор ва на унинг намоён бўлиши борасида тушунча бор, зеро, бўш хаёллари ичра, дунёвий мол-давлатга олиб борувчи дарвозаларни топдилар-у, илм Мазҳарининг зуҳури ичра эса, жондан воз кечиш даъватидан бошқа ҳеч бир нарса топмадилар. Шунинг учун, табиийки, улар биринчисига чирмашиб, иккинчисидан қочарлар. Юракларида Оллоҳ Қонунининг яккаю ягона эканлигини тан олсаларда, ўзларича ҳар гўшадан янги фармон чиқариб, ҳар маҳалда янги фатво буюрарлар. Ҳеч бўлмаса бирор қонун устида муросага келувчи икки нафар топилмас, чунки улар ўз нафсидан бошқа бир илоҳни изламаслар ва адашмоқликдан ўзга бир йўлни танламаслар. Пешволикни Матлуб висолига етишишнинг ниҳоят мақсади дея эътироф этиб, кибру-ғурурни Маҳбубга эришишнинг ғоят юксак ютуғи дея ҳисоблайдилар. Нафсоний ҳийла-найрангни раббоний тақдирдан устун қўядилар. Оллоҳ ризолиги ва иродасига бўйсунмоқликни рад этиб, маккорона тадбирлар билан машғул бўлиб, риёкорлик сўқмоғидан кетарлар. Мабодо, шавкатларига бирон нуқсон тегмасин ва ё, иззатларига биров халал бермасин дея, бор куч-қувватлари ила мансаб-мартабаларини қўриқлайдилар. Гар кўз илоҳий маърифат сурмасидан равшан тортса, шубҳасиз, бир тўда йиртқич ҳайвонларнинг тўпланиб, инсоний руҳ мурдалари узра талашиб ётганини кўради.

29.

Қандайин бир “тазъйиқ” борки, баён этилгандан кўра оғирроқ бўлсин?

Агар, инсон илоҳий ҳақиқат ва маърифатга талпинса-ю, уни қаердан ахтаришни ва кимдан сўрашни билмаса, бунданда аянчлироқ “тазъйиқ” борми? Зотан, фикрлар бир-биридан ўта фарқланиб, Оллоҳга элтгувчи йўллар ҳам кўпайиб кетган. Бундайин “тазъйиқ” ҳар бир Зуҳурга хосдир. Токи, у юз бермагунча, ҳақиқат қуёши кўринмас. Зеро, Илоҳий Ҳидоят Зуҳурининг тонги, гумроҳлик тунининг зулматидан сўнг отгай. Шу сабаб, оламни куфр ва адолатсизлик эгаллаши ва одамзот қоронғулик ичра қолишига ишоралар, барча ҳадис ва ривоятларда айтиб ўтилган. Мазкур ҳадисларнинг машҳурлиги боис, ушбу банда мухтасар бўлмоқни истади ва уларнинг матнини бу ерда келтирмади.

30.

Агарда бу “тазъйиқ” (том маънода босим деб тушунилиб), ер сиқилади дея шарҳланса, ёхуд одамлар ўз хом хаёлларида шунга ўхшаш фалокатларни тасаввур этсалар, аниқки, бундай ҳодисалар ҳеч қачон юз бермас. Табиийки, улар Илоҳий Зуҳурнинг бу шарти рўёбга чиқмади дея эътироз этажаклар. Уларнинг эътирози шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаётир. Ҳолбуки, “тазъйиқ”, илоҳий маърифатни идрок этиш ва Раббоний Каломни тушунишга қобилиятнинг етишмаслигини англатади. Бу ерда шу нарса назарда тутиладики, Ҳақиқат Қуёши ботганда ва Унинг Нурини акс эттирувчи кўзгулар оламдан ўтганда, инсонлар “тазъйиқ” ва машаққат ичра ботиб, ҳидоят сўраб қайга юз тутишни билмай қоларлар. Шу йўсинда, биз ҳадислар тафсиридан сизга сабоқ бердик ва илоҳий ҳикмат сирларини очдик, токи уларнинг маъносини англанг ва илму-ирфон қадаҳидан ичганлар сафида бўлинг.

31.

Энди эса, Унинг “қуёш сўнади ва ой нур сочмай қўяди ва юлдузлар осмондан тўкилади” сўзлари ҳақида. Оллоҳ Анбиёларининг Китобларида келтирилган “қуёш” ва “ой” тушунчаларининг маъноси, фақатгина бизга кўринар коинотдаги қуёш ва ой дегани эмас.

Йўқ, аксинча, бу сўзларнинг маъноси бисёр. Ҳар бир ҳолда уларга ўзига хос маъно берилган.

Масалан, “қуёш” сўзининг маъноларидан бирида, азалий машриқдан нур сочувчи ва жамийки мавжудот узра файз тўкувчи Ҳақиқат Қуёшлари назарда тутилади. Ушбу Ҳақиқат Қуёшлари аслида, Оллоҳнинг сифат ва номлари оламидаги умумжаҳон Илоҳий Мазҳарлардир. Ягона Ҳақ Оллоҳнинг амри ила кўринар қуёш заминий ашёларнинг, яъни дарахтлар, мевалар ва уларнинг ранглари, ер маъданлари, ҳамда яратилмиш оламдаги барча мавжудотларнинг ривожланишида кўмак бергани каби, худди шундай, Илоҳий Ёритқичларнинг инояти ва таълим-тарбияси туфайли тавҳид шажаралари, тафрид мевалари, инқитоъ барглари, илму-иқон чечаклари, ҳикмат ва баён райҳонлари зоҳир бўлади. Шундай қилиб, ушбу Илоҳий Қуёшларнинг ёришиши туфайли олам янгиланади, абадий ҳаёт сувлари оқади, эҳсон денгизи мавжланади, файз булутлари  кўкни тўлдиради ва саховат насимлари бутун яратилмиш нарсалар узра эсади. Ушбу Ёритқичларнинг тафти ва маънавий алангаси, илоҳий муҳаббат ҳароратини инсон юракларида шиддат ила ёнмоғига сабаб бўлади. Ушбу Инқитоъ Рамзларининг фазлу-инояти туфайли, боқий ҳаёт Руҳи ўлик таналарга уфурилади. Аслида, кўринар қуёш ўша Маънавий Қуёшлар жалолининг бир аломати бўлиб, ҳеч вақт, Унинг тенги, шериги ва рақиби бўлмас. У борки, ҳар нарса яшайди, ҳаракатланади ва мавжуд бўлади. Унинг фазли ила улар пайдо бўлади ва барча Унга қайтади. Барча ашъёлар Ундан зоҳир бўлади ва барчаси Унинг Зуҳури хазинасига қайтади. Барча яратилмиш мавжудот Ундан бошланади ва Унинг ҳукми ганжинасига қайтади.

32.

Аввал ҳам, ҳозир ҳам кузатганингиздек, ушбу илоҳий Ёритқичлар гоҳида ўзига хос махсус ном ва сифатлар ичра чекланган бўлиб кўринишининг сабаби, фақат ва фақат, баъзи ақллар заифлиги ва фикрлар торлигидандир. Аксинча, улар азал-азалдан ва абадул-абад ҳар қандай фахрли исмлардан-да юксак бўлганлар ва ҳар қандай васфу-таърифдан муқаддас ва муназзаҳ бўлиб қоларлар. Ҳар қандай исмнинг жавҳар-моҳияти, уларнинг муқаддаслик саройига дохил бўлишга ҳатто умид қила олмас, энг латиф ва пок сифатлар эса, уларнинг иззат салтанатига яқинлаша олмас. Субҳоналлоҳ, Пайғамбарлар инсоний идрокдан бениҳоят даражада юксак ва улар фақат Ўз Зотлари орқали танилади. У сайлаган Зотларнинг Ўзларидан бошқа биров орқали васф этилиши, Унинг Шуҳратидан йироқдир. Улар, бандалар васфидан ва инсон идрокидан аълороқдир!

33.

“Қуёшлар” тушунчаси “маъсум Қалблар” томонидан ёзилмиш битикларда, кўп маротаба Оллоҳ Пайғамбарларига, яъни ўша порлоқ Инқитоъ Рамзларига нисбатан қўлланилган. Жумладан, “Нутба дуоси”[xxiii] да шундай сўзлар бор: “Қайдадир порлоқ Қуёшлар? Қайга кетди ўша нурафшон Ойлар ва милтиллаган Юлдузлар? Бас, бундан маълум бўлишича “қуёш”, “ой” ва “юлдузлар” таъбирининг маъноси авваламбор, Анбиёлар, Авлиёлар ва Саҳобаларни англатадики, уларнинг билими нуридан ғайб ва аён оламлар равшан ва мунаввар тортади.

34.

Бу сўзларнинг бошқа бир маъноси, кейинги Зуҳурлар замонида яшаб, дин жиловини қўлларида тутиб келаётган аввалги замон Зуҳурининг уламоларини англатади. Агар бу уламолар кейинги Зуҳурнинг зиёси ила ёришсалар, Оллоҳ ҳузурида мақбул бўлгайлар ва абадий нурга тўлгайлар, акс ҳолда, уларга нисбатан зулмат ҳукми жорий бўлгай (уларнинг нури сўнгай), илло, иймон ва куфр, ҳидоят ва залолат, саодат ва хўрлик, нур ва зулмат васфларининг ҳаммаси Маънавий Ҳақиқат Қуёши бўлмиш Зотнинг тасдиғига боғлиқдир. Қиёмат кунида, илму-ирфон Манбаси томонидан ҳар асрда яшаган ҳар уламога иймон ҳукми берилсагина, шунда у дарҳақиқат, илоҳий маърифат, ризо ва ҳақиқий идрок нурининг соҳиби бўлар. Йўқса, унга жаҳолат, инкор, куфр ва зулм тамғаси босилар.

35.

Ҳар бир ички нигоҳ ила кузатувчи учун равшанки, юлдузнинг ёруғлиги қуёшнинг порлоқ ёғдуси қаршисида сўнгани каби, дунёвий илму-ҳикмат ва тушунча чироғи ҳам, Ҳақиқат Қуёши бўлмиш, маънавий Офтоб ёғдусининг ҳашамати билан юзма-юз келганда йўқолади.

36.

“Қуёш” сўзи дин пешволарига нисбатан уларнинг мартабалари юксаклиги, шуҳратлари ва маъруфликлари сабаб ишлатилади. Ҳар бир асрдаги мўътабар уламоларнинг сўзлари салмоқли ва обрўлари мусаллам бўлиб келган. Агар улар Ҳақиқат Қуёшига ўхшасалар, шубҳасиз, олий ёритқичлардан бўлиб саналгайлар, акс ҳолда, улар жаҳаннам алангасининг қоқ маркази бўлиб ҳисоблангайлар. Чунончи, буюрмиш: “Дарҳақиқат, шамсу-қамар (қуёш ва ой) ҳар иккиси ҳам, жаҳаннам оташи азобига маҳкумдир”. [xxiv]  Сиз “қуёш” ва “ой” сўзларининг мазкур оятдаги маъноси билан албатта танишсиз; шунинг учун, улар устида тўхталишга эҳтиёж йўқ. Бундайин шамсу-қамар унсурларидан бўлган, яъни ўша пешволарга эргашиб, ёлғонга юз тутган ва ҳақни инкор этган ҳар қандай кимса, шубҳасиз, жаҳаннам ўтидан чиққан ва ўша ерга қайтажакдир.

37.

Бас, эй изланувчи, биз Урватул Вусқога маҳкам ёпишмоғимиз лозим, шоядким залолат тунини ортда қолдириб, илоҳий ҳидоят шафағи нурига қучоқ очайлик. Инкор кўланкасини тарк этиб, ишончу исбот соясидан паноҳ топайлик. Жаҳаннам оташидан озод бўлиб, самовий Жамол нури ёғдусидан мунаввар бўлайлик. Шу тариқа, биз сизга илоҳий илм Дарахтининг меваларини ато этдик, токи сиз шоду хуррамликда илоҳий ҳикмат Ризвонида яшагайсиз.

38.

Яна бошқа бир маънода “қуёш”, “ой” ва “юлдуз” атамалари, ҳар бир шариат даврида жорий этилган ва эълон қилинган таълимот ва ҳукмларни англатади, намоз ва рўза шулар жумласиданки, Қуръон шариатида Муҳаммад Пайғамбарнинг жамоли кўздан ғойиб бўлгач, булар Ул Зот Зуҳурининг энг маҳкам ва аъзам қонунларига айланди. Чунончи, ҳадису ривоятлар бунга шаҳодат берар ва бу ҳадису ривоятлар етарлича машҳур бўлгани учун, уларни бу ерда эсламоққа эҳтиёж йўқ. Қолаверса, ҳар бир Зуҳур даврида намоз (фарз ибодати) ҳукмига урғу берилмиш ва у ҳар ерда ижро этилмишдир. Чунончи, Муҳаммад Пайғамбарнинг жавҳари бўлмиш, Ҳақиқат Қуёши машриғининг нури ила нақл этилган ҳадислар бунга гувоҳлик берар.

39.

Барча Анбиёларга ҳар бир Зуҳур Даврида ибодат қонуни нозил этилмишки, унинг шакл ва ижроси ҳар бир асрда давр тақозосига кўра мослаштириб келинган. Ҳар бир кейинги Зуҳур, аввалги Зуҳур томонидан аниқ, муайян ва мустаҳкам ўрнатилган анъана, одат ва таълимларни бекор қилиб келгани сабаб, улар қиёсий маънода “қуёш” ва “ой” сўзлари орқали ифода этилган. “У, қайси бирингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синагувчи Зотдир”.[xxv]

40.

Шунингдек, ҳадисларда “қуёш” ва “ой” атамалари намоз ва рўзага нисбатан қўлланилади,

чунончи, буюрилмиш: “Рўза зиёдир, намоз эса нур”. Кунларнинг бирида, маъруф бир уламо олдимизга келди. У билан суҳбатлашар эканмиз, у, юқоридаги ҳадисдан сўз очиб деди: “Рўза мизож ҳароратини  кўтаришидан, қуёш зиёсига ўхшатилар; шом намози эса, инсонга салқинлик келтиргани учун ой нурига қиёсланар”. Шунда англадикки, бечора, маънолар денгизидан бирон бир томчига ҳам муваффақ бўлмаган ва раббоний ҳикматнинг Ёнар Сидрасидан бирор-бир учқунга ҳам нойил бўлмаган. Сўнгра, биз унга эҳтиром ила изҳор этдик: “Жаноб, бу ҳадисга келтирган тафсирингиз одамлар орасида, яъни оғизларда тарқалган талқинлардан биридир. Лекин, унинг бошқа бир таъбири ҳам бўлиши мумкин”. У биздан сўради: “Нима  бўлиши мумкин?” Биз жавоб  бердик: “Анбиёлар Ҳотами ва Оллоҳ сайлаган Зотларнинг Сайиди бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад, Қуръонда жорий этилган динни, унинг олийлиги, юксаклиги ва улуғворлиги, ҳамда, барча динларни қамрагани сабаб самога қиёс этмишлар. Қуёш ва ой осмондаги энг чароғон ва маълум ёруғлик жисмлари бўлганидек, Оллоҳ Дини самосида ҳам икки порлоқ ёритқич - рўза ва намоз муқаррар бўлмишдир. Ислом осмондир; рўза унинг қуёши, намоз эса ойидир.

41.

Илоҳий Мазҳарларнинг рамзий-мажозий сўзларидан мақсад будир. Бинобарин, “қуёш” ва “ой” атамаларининг мазкур мақомларга нисбатан қўлланилиши, нозил этилган оят ва ёзилмиш ҳадислар орқали намоён бўлган ва исбот этилгандир. Демак, аён ва равшанки, “қуёш сўнар, ой нур сочмай қўяр, ва юлдузлар кўкдан тўкилар” жумласи, дин пешволарининг гумроҳлиги ва шариатда мустаҳкам ўрнатилган қонунларнинг бекор қилинишини англатади ва Илоҳий Мазҳарлар, рамзлар тилида бундан хабар берганлар. Аброрлардан бошқа ҳеч ким бу қадаҳдан тотмас ва ҳайрихоҳлардан бошқа ҳеч ким ундан улуш касб этмас. “Аброрлар кофурли чашма мизожи қадаҳидан ичарлар”.[xxvi]

42.

Шубҳасиз, аввалги Зуҳур даврида ўша замон аҳлини мунаввар этиб, ҳидоят айлаган таълимлар, амрлар, ҳукмлар ва таъқиқларнинг “қуёш” ва “ой”лари ҳар бир кейинги Зуҳурда сўнади, яъни кучи ва таъсирини йўқотади. Энди мулоҳаза қилинг, агар Инжил аҳли ўз эътироз ва қайсарлигидан фарқли ўлароқ, “қуёш” ва “ой” сўзларининг рамзий маъносини тан олиб, илоҳий илм Мазҳаридан тафсир олганларида эди, албатта, буларнинг маъносини мутлақ тушунган ва ўз нафсу ҳаволари зулматига мубталою гирифтор бўлмас эдилар. Ҳа, чунки улар ҳақиқий илмни унинг маъданли манбасидан олмаганликлари сабаб, куфр ва залолатнинг таҳликали водийсида ҳалок бўлдилар. Башорат этилган барча аломатларнинг рўёбга чиққани, ваъда этилган Қуёшнинг Зуҳур уфқидан кўтарилгани ҳамда, аввалги Зуҳур Давридаги таълим, аҳком ва маърифат “қуёш” ва “ой”ларининг зулматга ботгани уларнинг шуурига ҳануз етиб бормади.


43.

Энди эса, қатъий ишонч кўзи ва мустаҳкам ишонч қанотида, комил ишонч сиротига йўл ол. “Айт: У Оллоҳдир; сўнгра эса, уларни ўз беҳуда хом-хаёллари ичра шўнғимоқлари учун ўз ҳолларига ташлаб қўй”.[xxvii] Шунда, сен Унинг саҳобаларидан бўларсанки, улар ҳақида У, шундай деган: ““Раббимиз Оллоҳдир” деб айтганлар ва Унинг йўлида сабот ила мустақийм кетишда давом этганлар узра, ҳақиқатда, фаришталар ҳозир бўлгай”.[xxviii] Токи, шунда жамийки сирларга ўз кўзларинг ила иқрор бўларсан.

44.

Эй, биродарим! Руҳинг ила бир одим ташлаки, йироқлик ва ҳижрон саҳроларини бир зумда кечарсан ва абадий висол Ризвонига дохил бўлиб, бир нафас ила самовий Руҳларга  қўшиларсан. Зеро, инсоний қадам бирла ҳаргиз бу чексиз масофани кечиб бўлмас ва муродга етиб бўлмас. Ҳақиқат нури ҳақиқатга етмоғида ҳидоят этган ва бисмиллоҳ дея, ирфон соҳилидаги Унинг Амри йўлида турган кимсага тинчлик-омонлик бўлсин.

45.

“Бас! Машриқлару Мағриблар Рабби ила қасам”[xxix] муборак оятининг маъноси, мурожаат этилган “Қуёшлар”нинг ҳар бири ўз муайян чиқиш ва ботиш жойларига эгалигида.

Ваҳоланки, Қуръон тафсири уламолари мазкур “Қуёшлар”нинг рамзий маъносини англамаганлари сабаб, юқоридаги муборак оятни тафсирлашга қийналдилар. Баъзилари, қуёш ҳар куни турли нуқталардан чиққани учун, “машриқлар” ва “мағриблар” кўплик сонида ишлатилган, деган таъкидларни илгари сурдилар. Бошқа бирлари эса, бу оятда йилнинг тўрт фасли назарда тутилган, чунки қуёшнинг чиқиш ва ботиш нуқталари фаслларга қараб ўзгаради, дедилар. Мана улар тушунчасининиг теранлиги! Шундай бўлсада, улар ўша илм Жавоҳирларини, ўша бенуқсон ва пок ҳикмат Рамзларини, не-не жоҳилликларда айблашмади.

46.

Шу тарзда, ушбу очиқ, кучли, қатъий ва бир маъноли изоҳлар орқали охирги Соат, Қиёмат куни келишининг аломатларидан бири бўлмиш “осмон ёрилиши” иборасининг маъносини тушунмоққа интил. Чунончи, буюрмиш: “Вақтики, осмон ёрилса”.[xxx] Бунда, “Осмон”нинг маъноси, илоҳий Зуҳур динлари осмонини билдиради, чунончи у, ҳар бир Зуҳур ила юксалар ва кейинги Зуҳур ила парчаланар. “Ёрилмоқ” деганда, аввалги Зуҳур Даврининг ботилликка учраганлиги ва муддати ўтганлиги тушунилади. Оллоҳ ҳақи қасам! Гар тўғри мулоҳаза этилса, осмоннинг бундай ёрилиши, ташқи кўринар осмоннинг ёрилишидан кўра буюкроқ бир ҳодисадир. Бироз ўйлаб кўр. Мана йиллар давомида қарор топган бир илоҳий Зуҳур; унинг кўланкаси остида, уни қабул қилганларнинг бари униб-ўсиб, камол топса; унинг қонунлари нуридан неча-неча насллар тарбия топса; фарзандлар ўз аждодларидан Унинг сўзлари зикридан бошқасини эшитмаса; қачонки, кўзлар Унинг Амри нуфузидан бошқасини  кўрмаса; қулоқлар фақат Ундан таралган ҳукмлардан бошқасини эшитмаса, шунда бир зот зоҳир бўлиб, буларнинг ҳаммасини илоҳий Зуҳур куч-қудрати ила тарқатиб юборса ва “парчалаб ташласа”, бундан-да буюкроқ бўлган осмон ёрилишидек, яна бошқа бир амал бўлиши мумкинми? Энди фикрла, ахир бу амал буюкроқми ёки ярамас, нодон-у, калтафаҳмларнинг “осмон ёрилиши” ҳақидаги тасаввурими?

47.

Шунингдек, илоҳий Жамол Мазҳарларининг аччиқ ҳаётлари ва чеккан заҳматларига боқ. Мулоҳаза эт, улар ҳеч бир кўмаксиз ва якка-ёлғиз, бутун дунё аҳли қаршисида туриб, Оллоҳ Қонунини ўрнатдилар! Бу муборак ва латиф Руҳларга берилган азияту-озорлар қанчалар шафқатсиз бўлмасин, улар камоли қудратга эга бўла туриб, сабр этдилар, ҳамда, ўз бениҳоят улуғворликларига қарамай, жабру-зулмга бардош бердилар.

48.

Шу тариқа, “ернинг алмашиши”деган сўзларнинг маъносини тушунишга ҳаракат қил. Билгинки, илоҳий Зуҳур  “осмони”дан ёғилган бу марҳамат ёмғирлари қай бир юракка ёғилмасин, ўша юрак заминини ўзгартириб, маърифат ва ҳикмат ерига айлантиради. Бундай юраклар гулшанида тавҳиднинг не-не райҳонлари унмайди! Уларнинг мунаввар кўксида илму доноликнинг не-не чечаклари гулламайди! Гар уларнинг юраклари замини ўзгармасдан қолганида, қандай қилиб бирон-бир ҳарф ҳам ўрганмаган, муаллим кўрмаган ва мактабга қадам босмаган ушбу қалблар, бундайин каломларни такаллум этиши ва ҳеч ким тагига ета олмайдиган маърифатни намоён этишлари мумкин эди? Улар гўёки, абадий илм тупроғидан ясалган ва илоҳий ҳикмат суви ила қорилгандирлар. Шунинг учун, дейилмиш: “Илм бир нурдирки, Оллоҳ уни Ўзи истаган юракка солар”. Фақат шундай илмгина, ҳамиша таҳсинга сазовор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, бу, хира тортган ва қоронғу ақлларнинг маҳсули бўлган чекланган илм эмасдир. Гоҳида, улар бундай чекланган билимни ҳатто, бир-бирларидан ўғирлаб, унинг бирла беҳуда фахр этарлар!

49.

Эҳ, кошкийди, бандалар қалби, инсоний чекловлар ва қоронғу фикрлардан поклана олса! Шояд, улар ҳақиқий илму-маърифат Қуёши нуридан ёришиб, илоҳий ҳикмат сирлари жавоҳирларига нойил бўлгайлар. Энди мулоҳаза эт, гар бу қалбларнинг қуриган ва беҳосил замини ўзгармай қолганда, қандай қилиб улар аҳадий сирларни ва илоҳий Моҳиятларни ошкору-намоён этган бўлардилар? Чунончи, У буюрмиш: “Ўша кунда, замин бошқа бир заминга алмаштирилади”.[xxxi]

50.

Зуҳур сирлари устида тафаккур этсангиз, Мавжудлик Султонининг саховат насими, ҳатто бу моддий заминни ҳам алмаштирганини кўргайсиз.

51.

Энди эса, буюрилмиш мана бу оятнинг маъносини идрок айла: “Бутун ер Қиёмат Кунида Унинг ҳовучида бўлгай ва самовот эса, Унинг ўнг қўлида йиғилгай. Унга ҳамду санолар бўлсин, Ул Зот мушрикларнинг ширкларидан пок ва олийдир!”[xxxii] Энди ўз хулосаларингда инсофли бўл. Агар  бу оятнинг маъноси одамлар тушунганидек бўлса эди, унда сўраларки, инсон учун унинг фойдаси нимада? Шунингдек, равшанки, инсон кўзи кўра оладиган ҳеч бир қўл йўқки, бундайин бир ҳаракатни бажара олсин, ёхуд буни Ҳаққ Таолога йўйсин. Аксинча, бундай нарсани тан олиш куфрдан бўлак нарса эмас ва ҳақиқатнинг тамоман тескарисидир. Агар, бу оятда Қиёмат Кунида бундай ишни Оллоҳ Мазҳари бажаради деб фараз қилинса, бу ҳам ҳақиқатдан узоқ ва фойдасиздир. Аксинча, “замин” сўзи деганда, илм ва маърифат замини, “самолар”деганда эса, дин самолари назарда тутилар. Энди мулоҳаза эт, қай тариқа бир томондан У, қудратли ҳовучига аввал очилган илму-маърифат заминини йиғиб, бошқа бир томондан эса, бандалар юрагида янги ва юксак бир заминни ёймишдирки, шу туфайли уларнинг мунаввар кўнгилларида тароватли райҳонлар ва гўзал чечаклар, сершукуҳ ва муҳташам дарахтлар униб-ўсадир.

52.

Худди шундай яна мулоҳаза этким, қандай қилиб ўтмишдаги динларнинг юксак самолари қудратли ўнг қўлда йиғилмиш ва қандай қилиб Илоҳий Зуҳур самолари Оллоҳ амри ила юксалиб, Унинг янги ижозкор ҳукмларининг қуёши, ойи ва юлдузлари ила безанмишдир.

Оллоҳ сўзининг пардаси кўтарилиб, унинг сирлари кашф ва ошкор бўлдики, зеро сен илоҳий Ҳидоят Тонги ёришганини идрок этарсан, хом-хаёл, ваҳму-гумон ва шак-шубҳа юлдузларини таваккул ва инқитоъ қудрати ила сўндирарсан ва илму-ишончнинг янги чироғини қалбинг қўрида ёндирарсан.

53.

Аниқ билки, Оллоҳ Амри Мазҳарлари томонидан очилган барча бу рамзий калималар ва яширин ишораларнинг мақсади, бандаларни синамоқ ва имтиҳон этмоқдир; чунончи, унингла пок ва мунаввар қалблар замини, фоний ва ҳосилсиз заминлардан фарқланиши маълум бўлгай. Азал-азалдан, бандалар орасида Оллоҳнинг тутган йўли шундай бўлиб келган ва муқаддас китоблар бунга гувоҳлик берар.

54.

Худди шундай, Қибла[xxxiii] ояти ҳақида мулоҳаза юритинг. Набийлик Қуёши бўлмиш Ҳазрат Муҳаммад Батҳо[xxxiv] машриғидан Ясрибга[xxxv] ҳижрат этганларида, намоз пайтида юзларини Қуддус шаҳри (Иерусалим) томон қаратишда давом этардилар, бу ҳол то яҳудийлар Ул Зотга нолойиқ сўзлар айтмоқни бошламагунича давом этди – гар бу сўзлар эсга олинса, саҳифаларни уялтирар ва ўқувчиларни толиқтирар. Ҳазрат Муҳаммад бу сўзлардан жуда ранжидилар. Ҳайрон қолиб, тафаккур ичра кўзларини самога тикканларида, Жаброилнинг меҳрибон овозини эшитдилар. У деди: “Биз юзингни кўкка қаратганингни кўрдик; Биз Сени хушнуд этгувчи Қиблага қаратамиз”.[xxxvi] Бундан кейин, кунларнинг бирида Ул Ҳазрат ўз саҳобалари ила пешин намозини адо этардилар ва икки ракъат[xxxvii] бажарган эдиларки, яна Жаброил нозил бўлди ва арз этди: “Энди юзингни муқаддас Масжидга[xxxviii] ўгир”.[xxxix] Ўша намознинг ўртасида, Ҳазрат Муҳаммад тўсатдан юзларини Қуддусдан ўгириб, Каъба томон бурдилар. Саҳобаларни чуқур қайғу изтироб чулғади. Уларнинг иймони силсилага тушди. Саросималари шунчалик кучли эдики, кўплари намозларини бузиб, диндан кечдилар. Ҳақиқатда, Оллоҳ бу туғён ила бандаларини синаб имтиҳон этди. Илло, Ҳақиқий Султон Қиблани умуман алмаштирмасликка қодир эди ва Қуддусни Ўз дини учун осонликча Сажда Нуқтаси қилиб сақлаган бўларди ва бинобарин, ўша муқаддас шаҳарга ато этилмиш қабул тўнини ундан олмаган бўларди.

55.

Чунончи, Мусо ва Муҳаммад Мазҳарлари орасида келган аъзам Анбиёлар, яъни Мусодан сўнг юборилган на Довуд, на Исо каби Набийлардан ҳеч бири Қибла қонунини алмаштирмаган эдилар. Оламлар Раббиси томонидан юборилган барча Элчилар ҳеч бир истисносиз ўз умматларини айни бир йўналишга қарашга амр этиб келганлар. Ҳақиқий Султон, Оллоҳ назарида, ер юзидаги ҳар қандай жой бир хил, фақат Унинг Мазҳарлари давридаги махсус бир мақсад учун тайинланган ер бундан истиснодир. Чунончи буюрмиш: “Машриқ ҳам, мағриб ҳам Оллоҳникидир. Бас, қай тарафга қараманг, Оллоҳнинг юзи бор”.[xl] Хўш, юқоридаги далилларнинг ҳақлигидан фарқли ўлароқ, нега Қибла ўзгартирилдики, бу, бандаларнинг фарёд ва фиғонига сабаб, ҳамда саҳобаларнинг силсилаю изтиробларига иллат бўлди? Ҳа, жамийки инсонлар юрагини ваҳшатга солгувчи ҳодисалар юз беришининг боиси фақат шундаки, токи Оллоҳнинг синов тоши билан қалблар синалиб, содиқлар каззоблардан ажралиб турсин. Инсонлар орасидаги парокандаликдан кейин, мана У, нени нозил этмиш: “Биз Қиблани Сен истаганингдек юз қаратиш учун эмас, балки ким Расуллоллоҳга эргашиб, ким Ундан юз ўгириб қочишини билиш учун тайинлаганмиз”.[xli] “Арслондан қаттиқ қўрқиб қочган ёввойи эшаклар сингари”.[xlii]

56.

Гар ушбу мавзу ва баёнлар ҳақида бир оз мулоҳаза юритсангиз, шубҳасиз, юзингиз олдида  маъно ва тушунча дарвозаларининг очилганини ва кўз ўнгингизда илму-сирларнинг борини ҳижобсиз кўрарсиз. Бу нарсалар фақатгина инсоний руҳларни тарбият этмоқ учун ва уларни нафсу эҳтирос қафаси маҳбуслигидан қутқармоқ учун юз берар. Илло, Ул Ҳақиқий Султон абадият узра ўз Зотида бутун мавжудот идрокидан мустақил бўлиб келган ва абадул абад Ўз Моҳиятида ҳар бир руҳнинг ибодатидан юксак бўлиб қолажак. Унинг бойлигидан эсган биргина насим бутун башарни бойлик либоси ила безашга етар; Унинг каромат фазли дарёсидан тўкилган биргина томчи бутун борлиқни боқий ҳаётга мушарраф этиш учун кифоядир. Токи ҳақ ботилдан, қуёш кўланкадан ажралиб турсин дея, Илоҳий Мақсуд ҳар вақтда, башарият узра Раббул Иззат салтанатидан синов селларини ёғдиришни тақдир этгандир.


57.

Гар инсонлар ўтмиш Анбиёларининг ҳаётлари ҳақида мушоҳада этсалар, улар осонлик билан бу Анбиёлар босиб ўтган йўлларни англаган бўлардиларки, ўз дунёвий ҳою-ҳавасларига зид бўлган амал ва сўзларни тўсиқ тутмас эдилар ва шу тариқа ирфон сидрасидан ловуллаб ёнган олов ила тўсиқ-пардаларнинг барчасини ёндириб, сулҳу-ишонч тахтида амину-омонлик ичра ўтирардилар. Масалан, муаззам Анбиёлардан бири, Китоб Соҳиби бўлмиш Имрон ўғли Мусога боқинг. Ҳаётининг илк йилларида, Амрини эълон этмасидан аввал, бир кун бозордан кечар экан, икки нафарнинг олишаётганини кўради. Улардан бири ундан кўмак сўрайди. Шунда, Мусо орага қўшилиб, унинг рақибини ўлдиради. Муқаддас Китобда ёзилганлар буни тасдиқлайди. Тафсилотлар бу ерда келтирилса, вақтни олар ва мулоҳаза йўриғини бузар. Бу ҳодиса ҳақидаги хабар шаҳарга тарқалиб, чунончи Китобда гувоҳлик берилишича, Мусо қўрқувга тушади. “Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар”[xliii], деган хабар унинг қулоғига етар экан У, шаҳардан чиқиб кетади ва бир муддат Мадянда қолиб, Шуайбанинг хизматида бўлади. Қайтар экан Мусо, Сино саҳросидаги муқаддас водийга дохил бўлади ва у ерда “на шарқий ва на ғарбий бўлган муборак дарахтда”[xliv] аҳадият Султонининг тажаллисини кўради. Ўша ерда у, Раббоний ёнар Оловдан таралган жонбахш Руҳ Нидосини эшитадики, у Унга Фиръавн аҳлининг қалбига илоҳий ҳидоят нурини солмоқни амр этади; токи У, уларни нафсу-эҳтирос водийси кўланкасидан озод этиб, жаннатий сафо чаманларига ҳидоят этсин ва инқитоъ Салсабили орқали йироқлик биёбонидан чиқариб, илоҳий ҳузурнинг осойишталик шаҳрига олиб кирсин.

Мусо Фиръавннинг ёнига келиб, Оллоҳ унга амр этганидек, илоҳий муждани унга етқазганида, Фиръавн одобсизлик ила Унга дейди: “Қотиллик қилиб кофир бўлган шахс Сен эмасмидинг?” Раббул Қудрат Фиръавннинг Мусога айтган сўзларини нақл этар: “Ва нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!”. Мусо деди: “Мен, ҳақиқатдан-да, буни бажардим ва мен жоҳиллардан эдим. Ва Мен сиздан қўрқиб қочдим, аммо, сўнгра Раббим Менга ҳикмат берди ва Мени ўз Расулларидан бири этди”.[xlv]

58.

Энди эса, юрагингда Оллоҳ уюштирган фитналар устида тафаккур этким, У Ўз бандаларини қандайин ғалати ва хилма-хил имтиҳонларга солиб синагай. Ҳеч кутилмаганда, бандалари орасидан, қарийиб ўттиз йил давомида, дунё кўзи олдида Фиръавн хонадонида тарбия топган, унинг суфрасидан туз тотиб улғайган, ҳамда қотилликда айбдор бўлиб, Ўз золимлигига иқрор бўлган кимсани сайлаб, Унга илоҳий кубро ҳидоятидек юксак бир вазифани амр этмиш. Ваҳоланки, ҳар нарсага Қодир Ул Султон, Мусонинг қўлини қотилликдан қайтаришга қодир эди, токи У бандалар орасида қотил деб ном чиқармаган ва шу сабаб қалбларни ваҳшатга солиб, одамлардан узоқлашмаган бўлар эди.

59.

Худди шундай, Марямнинг вазияти ва аҳволи ҳақида мушоҳада эт. Ўшал, энг гўзал чеҳра шунчалар иложсиз ва ўта оғир вазиятда эдики, дунёга келганига қаттиқ пушаймон бўлди. Чунончи, муборак оятдан маълум бўлишича, Марям Исони дунёга келтирганидан сўнг, ўз толеъига йиғлабон фарёд айлади: “Оҳ кошки, бундан олдин ўлсаму, бутунлай унутилиб кетсам эди”[xlvi] Оллоҳ ҳақи! Бу фарёд юракни эзар ва инсон борлиғини титратар. Бунчалар изтироб, бунчалар тушкунликнинг сабаби душманларнинг маломати, кофиру бешафқатларнинг таъна-дашноми эди. Бир оз фикрла, ахир, Марям халойиққа нима деб жавоб берсин эди? Отаси номаълум бу Гўдак, Муқаддас Руҳдан туғилганини қандайин тушунтирсин? Шу боис Марям, Ул бокира ва боқий Чеҳра, Гўдакни кўтариб уйига қайтди. Одамлар унга кўзи тушиши биланоқ, дедилар: “Эй, Ҳоруннинг синглиси! Отанг ёмон одам эмас ва онанг бузуқ бўлмаган эди-ку”.[xlvii]

60.

Энди эса, ушбу энг фитнайи кубро, энг буюк имтиҳонга назар солинг. Буларнинг барчасига қарамасдан, Оллоҳ қавм орасидан отасиз деб танилган Ўшал Руҳ Жавҳарига Пайғамбарлик шарафини ато этди ва Уни осмону замин аҳли учун Ўз исботига айлантирди. 

61.

Энди қаранг, Илоҳий Мазҳарларнинг ижод Султони амр этганидек йўл тутиши, бандаларнинг ҳою-ҳавасларига қанчалар зиддир! Ва чун, ушбу сирлар моҳиятини англасанг, Илоҳий мақсуд бўлмиш маънавий Нигорга, Маҳбубга етгайсан. Сен Қудрат Соҳибининг сўз ва амалларининг бирлиги ва монандлигини кўргайсан; яъни, сен Унинг амалида нени кўрсанг, ўшани унинг сўзида ҳам мулоҳаза этгайсан ва Унинг сўзида нени мулоҳаза этсанг, ўшани Унинг амалида ҳам кўргайсан. Демак, зоҳирида бу амаллар ва сўзлар фосиқлар учун жазо оташи, ботинида эса, аброрлар учун марҳамат сувидир. Агар қалб кўзи ила мулоҳаза этилса, Илоҳий ирода самосидан нозил бўлган калималар ва Қудрат малакутидан зуҳур бўлган амаллар айни бир хилда идрок этилгай. 

62.

Энди мулоҳаза эт, эй биродарим! Гар ушбу Зуҳур Даврида бундайин нарсалар зоҳир бўлса эди, гар ҳозирги замонда бундай воқеалар юз берса эди, одамлар нима қилган бўлардилар? Башариятнинг ҳақиқий Мураббийси ва Оллоҳ Каломини очган Зот ҳақи қасамки, одамлар уни дарҳол, савол-жавобсиз кофир дея эълон этиб, ўлимга маҳкум этардилар. Исонинг Муқаддас Руҳ нафасидан туғилгани, Мусога илоҳий вазифа берилгани қанчалар сўйланмасин, бунга ҳеч ким қулоқ тутмаган бўлар эди. Агар Биз, отасиз бир Гўдакка Пайғамбарлик вазифаси берилмиш, ёхуд бир қотилга Ёнар Сидра оташидан “Ҳақиқатда, ҳақиқатда, Мен Оллоҳман” ваҳийси келмиш дея, минг карра айтсак ҳам, буни бирон-бир қулоқ эшитмас эди.

63.

Агар инсоф кўзи очилса, жамийки баён этилганлардан маълумки, барча нарсаларнинг Сабаби ва ниҳоят Мақсади бўлмиш Зот, бугунги кунда зоҳир бўлди. Бу Зуҳур Даврида ўхшаш нарсалар юз бермаса-да, одамлар ҳали ҳам манфурларнинг шубҳа-гумонли уйдирмаларига ёпишарлар. Қанчалар оғир балолар ва айбловларни илгари сурдилар! Унинг устига нақадар шиддатли, кўз кўриб қулоқ эшитмаган айблов ва таъқибларни ёғдирдилар!

64.

Оллоҳу Акбар! Баён мақоми бу нуқтага келганда кўрдикки, руҳоний ифорлар самадоний Зуҳур тонгидан ёйилмоқдадир ва субҳидам сабоси Азалий Сабо юртидан эсмоқдадир. Унинг хушхабари жонни янгидан шодлантирди ва руҳга беҳад севинч бахш этди. У ҳар нарсани янгилади, ўшал Ёри бенишондан беҳисобу бебаҳо армуғонлар келтирди. Инсоний мадҳ либоси Унинг латиф қаддига тор келар, зикр тўни Унинг мунаввар қоматига калта келар. Бирон лафз айтмай, У, маънолар рамзини кашф этар, ҳеч бир тилсиз илоҳий калималар сирини ошкор этар. У, ҳижрон ва фироқ шохларидаги булбулларга нолаю-фиғон дарсини берар ва уларга ишқ ва ошиқлик қоидасини ўргатар ва кўнгил беришлик намунасидан таълим берар. Жаннатий яқинлик ва висол Ризвони гулларига ишваю-ноз дилбарлиги одобини талқин этар. Ишқ бўстони қизғалдоқларини ҳақиқат сирларига ошно этар ва ошиқлар кўксига теран нафислик тимсолларини солар. Ушбу соатда Унинг иноят оқими шунчалар серобки, Муқаддас Руҳ бундан ҳасрат чекар! У томчига денгиз долғасини бермиш, заррага эса, қуёш ёғдусини иноят этмишдир. Унинг лутфи неъматлари шунчалик мўл-кўл тўкилмишки, гўнг қўнғизи мушк-анбар атрини туймиш, кўршапалак эса, ўзида офтоб нурига чиқиш жасоратини топмишдир. У ўликларни ҳаёт нафаси ила тирилтириб, уларни фоний жасадлари қабридан чиқармишдир. У жоҳилларни илм курсисига ўтқазиб, золимларни адолат тахтига кўтармишдир. 

65.

Борлиқ олами жамийки бу иноятлар ила ҳомиладор бўлиб, қачон ушбу тупроқ заминида Унинг ғайб иноятларининг таъсири пайдо бўлишини, қачон оёқдан толган ташналар Маҳбубнинг ҳаёт Кавсарига йўл топишини, ҳамда олислик ва нобудлик саҳроларидаги саргардонлар ҳаёт чодирига яқинлашиб, кўнгиллар маъшуғининг висолига эришишини кутмоқда. Бу муқаддас уруғлар қай бир юрак заминида унгай? Кимнинг руҳи боғида ҳақиқатнинг кўринмас чечаклари очилгай? Ҳақ айтурманки, ишқ Сидраси қалб Синосида шундай оташ ила ёнарки, муқаддас баённинг оқар сувлари уни ҳеч қачон сўндиролмас. Уммонлар бу Наҳанг оташин чанқоғини ҳеч қачон қондира олмас ва ушбу мангу олов Қақнуси, Ёр юзининг алангасидан бошқа ҳеч бир жойда қарор топмас. Шунинг учун, эй биродарим, руҳ чироғини ҳикмат ёғи ила юрагинг қўрида ёндир ва уни идрок шишаси ила қўриқла, токи мушрикларнинг нафаси унинг нурини тўсмасин ва оловини сўндирмасин. Шу тариқа Биз, баён осмонини илоҳий ҳикмат ва ирфон Қуёшининг шафақлари ила нурлантирдикки, юрагинг осойишталик топсин ва сен иқон қанотларида Рабби Раҳмоннинг муҳаббат фазосига учганлардан бўлгайсан.

66.

“Ва ўшанда самода инсон Ўғлининг аломати пайдо бўлар” деган Унинг сўзларига келганда, яъни буюрмишки, илоҳий маърифат қуёши сўниб, олдин ўрнатилган аҳком юлдузлари тўкилганда ва бандалар мураббийси бўлмиш, ҳақиқий билим қамарининг нури тўсилганда, ҳидоят ва саодат байроқлари йиғилганда, тўғрилик ва ростгўйлик тонги зулматга ботганда инсон Ўғлининг аломати самода кўрингай. “Само” сўзининг маъноси кўринар осмонни англатиб, вақти соати келганда, адолат фалакларидан Қуёш кўтарилиб, илоҳий ҳидоят Кемаси иззат денгизи ичра суза бошлаганда, осмонда Нури Аъзамнинг келишидан само аҳлига дарак берувчи бир юлдуз пайдо бўлар. Худди шундай, маънавий осмонда ҳам, бир юлдуз пайдо бўларки, замин аҳлига у, юксак ва акрам Шафақнинг туғилишидан дарак берар.

Кўринар ва кўринмас осмондаги бу икки аломат, ҳар бир Набий Зуҳуридан олдин 

намоён бўлган, чунончи, бу ҳақда эшитилмишдир.

67.

Жумладан, Иброҳим Ҳалилуллоҳнинг пайдо бўлишидан олдин, Намруд туш кўрди ва коҳинларни ёнига чорлади. Улар самода янги юлдуз пайдо бўлганидан хабар бердилар. Ҳамчунин, ер юзида одамларга Иброҳимнинг зоҳир бўлганидан дарак берувчи бир жарчи пайдо бўлди.

68.

Ундан кейин Калимуллоҳ бўлмиш Мусо келдиким, Унинг замонидаги коҳинлар Фиръавнни хабардор этдилар: “Кўкда бир юлдуз туғилмиш, билгинки у, сен ва сенинг халқинг  ҳалокатини қўлида тутган бир Гўдакнинг онаси қорнида пайдо бўлганлигидан далолат берар”. Шунингдек, бир донишманд пайдо бўлди ва бани Исроилнинг қоронғу тунида уларга хушхабар етказиб, руҳларига тасалли, юракларига хотиржамлик келтирди, чунончи, муқаддас китобларда ёзилганлар бунга тасдиқдир. Гар тафсилотлар келтирилса, бир китоблик рисола бўлар. Бундан ташқари, ўтмиш ҳикояларини бу ерда зикр этишни истамадик. Худо шоҳидки, ҳатто, ҳозир эсга олишимиз, фақат сиздек жанобга бўлган камоли эҳтиром юзасидандир, токи ер юзининг фақирлари бойлик денгизи соҳилларига етишсинлар, жоҳиллар илоҳий илм баҳрига йўл топсинлар, маърифатга ташналар эса, илоҳий ҳикмат Салсабилидан тотсинлар. Ваҳоланки, ушбу банда бу мақолалар билан машғул бўлмоқни оғир гуноҳ ва буюк хато деб ҳисоблар.

69.

Худди шундай, Исо Зуҳурининг вақти яқинлашганда, Исо юлдузининг кўкда пайдо бўлишидан хабардор бўлган бир неча мажусийлар унинг ортидан кузатиб йўлга тушдилар ва Ҳирод салтанатининг пойтахти бўлган шаҳарга келдилар. Ўша кунларда, ўша ҳудуд мамлакатларининг бари унинг султонлиги тасарруфида эди.

70.

Бу мажусийлар дедилар: “Қайда У, Яҳудийларга Подшоҳ бўлиш учун туғилган Зот? Зеро, биз Унинг юлдузини шарқда кўрдик ва Унга таъзим этгали келдик!”[xlviii] Ўз изланишларида улар, Гўдакнинг Бейтул-Лаҳмда, Яҳудо ерида туғилганини кўрдилар. Бу, кўринар осмонда ошкора бўлган аломат эди. Кўринмас осмондаги, яъни илоҳий илм ва маъно самосидаги аломатга келганда эса, бу Закариёнинг ўғли Яҳё эдики, Исо Зуҳурининг муждасини инсонларга келтирди. Чунончи, буюрмиш: “Оллоҳ сенга Яҳёни берарки, у Оллоҳдан бўлган Каломни тасдиқлагай ва солиҳ ва маъсум бўлгай”.[xlix] “Калом” Исони билдирадики, Яҳё Унинг Зуҳури жарчисидир. Самовий Лавҳларда ҳам ёзилмиш: “Яҳудо саҳроларида Юҳанно ваъз қиларди: “Товба қилинглар: зеро, Осмон Шоҳлиги яқинлашур”.[l] Юҳанно дейилганда, Яҳё назарда тутилар.

71.

Ҳамчунин, Ҳазрат Муҳаммаднинг жамоли зоҳир бўлишидан олдин, кўринар осмонда аломатлар пайдо бўлди. Кўринмас осмоннинг аломатларига келганда эса, бирин-кетин тўрт шахс пайдо бўлиб, илоҳий Шамс зоҳир бўлиши хушхабарини инсонларга етказдилар. Кейинчалик Салмон номи берилган Рўзбеҳ, уларнинг хизматида бўлиш шарафига муяссар бўлди. Улардан бирининг умри охирига етганда, у Рўзбеҳни иккинчисининг ёнига юборарди ва шу тариқа ниҳоят, ўлими яқинлашаётган тўртинчиси Рўзбеҳга хитоб айлади: “Эй Рўзбеҳ! Менинг жасадимни дафн этганингдан сўнг, Ҳижозга йўл ол, чунки у ерда Муҳаммаднинг Қуёши порлагай. Саодатлисан, зеро Ул Ҳазрат жамолини кўргайсан!”

72.

Энди эса, ушбу янги, ижозкор ва энг юксак Амр ҳақида. Мунажжимларнинг аксарияти кўринар осмонда юлдуз туғилганини эълон этмишлар. Худди шундай, ер юзида ҳам икки порлоқ нур – Аҳмад ва Козим[li] пайдо бўлдиларким - Оллоҳ уларнинг хокини табаррук айласин!

73.

Бас, айтганларимиздан равшанки, илоҳий Зотни акс эттирувчи ҳар бир Кўзгу зуҳуридан аввал, уларнинг келишидан хабар берадиган аломатлар, ҳам кўринар ва ҳам кўринмас осмонларда, яъни илм қуёши, ҳикмат қамари, маъно ва нутқ юлдузларининг манзили бўлмиш осмонларда пайдо бўлиши лозим. Кўринмас осмон аломати комил инсон шахси орқали намоён бўларки, у, ҳар бир Мазҳар зуҳуридан аввал келар, инсоний руҳларни тарбия этар, бандалар салоҳиятини кўтарар ва уларни одамлар орасида Оллоҳ бирлигининг Нури бўлмиш, илоҳий Ёритқичнинг келишига ҳозирлар.

74.

Энди эса, Унинг бу сўзлари ҳақида: “Ва шунда, инсон Ўғлининг аломати осмонда пайдо бўлади, заминдаги барча қабилалар оҳу-нола чекади ва улар самовий булутлар узра инсон Ўғлининг қудрат ва буюк иззат ила келишини кўрадилар”. Бу сўзлар шуни англатарки, у кунларда бандалар илоҳий жамол Қуёшининг, билим Қамарининг ва илоҳий ҳикмат Юлдузининг йўқлигидан фиғон чекарлар. Шунда, улар кўкдан булутлар устида тушаётган Ваъда Бўлмишнинг Рухсорини, Маъбуднинг Жамолини кўргайлар. Яъни, Ул Илоҳий Жамол, Оллоҳ иродаси самосидан инсон сиймосида пайдо бўлгай. “Само” сўзи олийлик ва буюкликни билдирар, чунки у, Муқаддаслик Машриқларининг ва Абадият Мазҳарларининг зуҳур бўлиш тахтидир. Бу қадимий Борлиқлар она қорнидан туғилсаларда, аслида, улар Оллоҳ иродаси самовотидан тушмишлар. Гарчи ер юзида яшасаларда, уларнинг ҳақиқий масканлари кўкдаги иззат чодиридир. Фоний бандалар орасида кезсаларда, улар илоҳий яқинлик фазоларида парвоз этарлар. Улар одим ташламай руҳ йўлидан борарлар, қанотсиз илоҳий бирликнинг юксак чўққиларига учарлар. Ҳар нафас ила улар коинотнинг чексизлигини фатҳ этарлар ва ҳар онда кўринар ва кўринмас оламларга сайр этарлар. Улар: “Ҳеч бир иш Уни  бошқа бир иш билан машғул бўлмоқдан сақлай олмас” аршида ўтирурлар, “Ҳақиқатан, Ул Зот ҳар кун бир ишдадир”[lii] курсисида қарор топмишлар. Улар Қадимий Султоннинг олий қудрати ила юборилмишлар ва Малики Аъзам Оллоҳнинг юксак Иродаси ила кўтарилмишлар. “Само булутлари устида келар” иборасининг маъноси шундадир.

75.

Илоҳий Қуёшларнинг нутқларида “само” сўзи кўплаб турли маъноларда ишлатилади, масалан “Амр самоси,” “Ирода самоси,” “Ирфон самоси,” “Иқон самоси,” “Баён самоси,” “Зуҳур самоси,” “Сирлар самоси” ва ҳоказолар. Ҳар бир мақомда У, “само” сўзига алоҳида бир маъно бермиш ва унинг моҳиятини аҳадият сирларидан воқиф бўлганлар ва азалият қадаҳини ичганлардан бошқа ҳеч ким идрок этолмас. Масалан, У буюрур: “Ва осмонда эса сизнинг ризқингиз, ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар бор”.[liii] Ваҳоланки, ризқ ерда ўсади. Худди шундай буюрмиш: “Исмлар самодан нозил бўлар;” ҳолбуки, улар бандалар тилидан эшитилар. Агар сен қалб кўзгусини ғараз ғуборидан пок ва латиф айласанг, ҳар бир Зуҳур Давридаги, жамийки нарсаларни қамрагувчи Оллоҳ каломининг рамзий ифодаларининг барча маъноларини тушунарсан ва илоҳий илмнинг сирларидан воқиф бўларсан. Токи, сен бандалар орасидаги мавжуд бўлган беҳуда билим парда-тўсиқларни буткул инқитоъ ўтида ёндириб ташламасанг, ҳақиқий илмнинг нурли тонгини кўра олмассан.

76.

Билгинки, Илм икки хилдир: илоҳий ва шайтоний. Бири илоҳий илҳом чашмасидан оқадир; бошқаси эса, нафсоний қора фикрлар ва хом хаёллар ифодасидан бошқа нарса эмас. Биринчисининг манбаи Оллоҳнинг Ўзидир; иккинчисининг турткиси нафснинг вас-васаси. Бирига “Оллоҳдан қўрқ; У сизга ўргатади”[liv] тамойили раҳнамодир; бошқасига эса, “Билим, инсон ва унинг Яратгувчиси ўртасидаги энг қалин парда” ҳақиқати тасдиқдир. Биринчиси сабр, завқ-шавқ, ирфон ва муҳаббат меваларини келтирар; иккинчиси эса кибр, манманлик ва шуҳратпарастликдан бошқа нарсани келтирмас. Ҳақиқий Илм маъноларини изоҳлаган Муқаддас нутқ Соҳибларининг сўзларидан, дунёни тутган бу қоронғу билимларнинг ҳиди келмас. Бундай таълимларнинг дарахти зулм ва исёндан бошқа мева бермас, ҳамда нафрат ва ҳасаддан бошқа ҳосил келтирмас. Унинг меваси заҳри қотил, сояси эса, нори дўзахдир. Қандай гўзал дейилмишки: “Кўнгил Мақсудининг ридосидан маҳкам тут ва тортинишни четга қўй; дунё зоҳидларининг исмлари қанчалик машҳур бўлмасин, улар билан видолаш”.

77.

Бас, шундай экан кўнгилни барча беҳуда гаплардан ва қалбни ҳар қандай дунёвий боғлиқликлардан пок ва муқаддас тутиш керакки, токи у, Илоҳий илҳомнинг ниҳон маънолари жойи бўлсин ва Раббоний илм сирларининг хазинасига айлансин. Зеро, буюрилмиш: “Оқ Йўлдан кетган ва Алвон Устун изидан эргашган кимса, кафтларини инсонлар азиз тутган дунёвий нарсалардан бўшатмагунича, ўз маконига (абадий ватанига) етолмас”. Бу йўлдан борадиган ҳар кимса учун асосий шарт шудир. Тафаккур ва идрок айла, токи пардасиз очиқ кўзлар ила ушбу сўзлар моҳиятини англарсан.

78.      

Гарчи айтилганларнинг ҳаммаси, фақатгина Бизнинг фикримизни тасдиқлаш учун хизмат этсада, асосий мақсаддан узоқлашдик. Худо ҳақи! Биз қанчалар қисқа ва мухтасар бўлишга уринмасак-да, қалам жилови қўлдан кетмиш ва шундай бўлсада, Қалбимиз садафида беҳисоб марваридлар очилмай қолмиш. Илоҳий ҳикмат ғурфаларида яна қанча-қанча теран маъно ҳурлари бор! Ҳали ҳеч бир кимса тегмаган ҳурлар, “уларга на бир инс ва на бир жин тегингандир”.[lv] Айтилган барча сўзларга қарамай, гўёки Мақсадимизга оид на бир ҳарф айтилди ва Муродимизга тегишли на бир ишора ойдинлашди. Ҳаж эҳромига ўраниб, қалб истаги Каъбасига етишадиган, ҳамда забонсиз ва қулоқсиз Илоҳий Калом сирларини эшитиб англайдиган бирон маҳрам қачон топилгай?

79.

Бас, ушбу қатъий, ёрқин ва комил баёнлар орқали, аввалроқ нозил этилган оятдаги “само” сўзининг маъноси аён бўлди ва тушунтирилди. Энди эса, Унинг Инсон Ўғли “само булутлари узра келажак” иборасига келганда, “булутлар” сўзи орқали инсонларнинг нафсу ҳаволарига зид бўлган нарсалар назарда тутилади. Чунончи, мазкур оятда зикр этилмиш: “Ҳар замону асрда, Парвардигор томонидан бир Пайғамбар сизларнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса билан келса, такаббурлик кўрсатиб, мўмин бўлмадингиз ва баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини эса ўлдиравердингиз”.[lvi] Масалан, “булутлар” сўзи бир маънода, қонунларнинг бекор қилиниши, аввалги шариатнинг ўзгариши, инсонлар орасидаги одатий расм-русумларнинг рад этилиши, авом мўминларнинг Амрни инкор этган уламолардан устун бўлишини англатади. Бошқа бир маънода, азалий Жамолнинг фоний инсон тимсолида зоҳир бўлиб, емоқ ва ичмоқ, фақирлик ва бойлик, иззат ва зиллат, ухламоқ ва уйғонмоқ каби заминий хоссалар билан чегараланган бўлишини ва бу эса, оммани шубҳага солиб, юз ўгиришига сабаб бўлишини билдиради. Бундай тўсиқ-пардалар рамзий маънода “булутлар” дейилади.

80.

Бутун замин аҳлининг илму-ирфон самовотини ёриб парчалагувчи “булутлар” айнан шулардир. Чунончи, буюрмиш: “Ўша кунда само, булутлар ила ёрилиб парчалангай”.[lvii]

Инсон кўзларига қуёшни кўришга булутлар монеълик қилгани каби, худди шундай нарсалар инсоний руҳларга ҳам Ўшал ҳақиқий Қуёш нурларини идрок этишларида тўсқинлик қилади.

Чунончи, кофирларнинг тили айтган нарсалар муқаддас Китобда ёзилмиш: “Ва улар дедилар: Бу не Расулки, У таом еяр ва бозор кезар? То бир фаришта нозил бўлиб, Унинг бирла қўрқитмагунича, биз ишонмасмиз”.[lviii]  Бошқа Пайғамбарлар ҳам худди шундай, фақирлик ва балоларга, очлик ва хасталик каби бу дунёнинг тасодифларига дучор бўлганлар. Ушбу муқаддас Сиймоларнинг бундайин эҳтиёж ва маҳрумиятлар ичра қолганларини кўрган инсонлар, шак-шубҳа саҳроларида адашиб, ваҳму-гумон биёбонларида ҳайрону-саргардон қолганлар. Улар таажжуб этарларки, қандай қилиб бир шахс Оллоҳ томонидан келиб, Ўзини ер юзининг барча халқлари ва тоифалари устидан ғолиб дея изҳор этса ва Ўзини бутун яратилмишнинг мақсади дея иддао этса – чунончи буюрмиш: “Сен бўлмаганингда, еру кўкдагиларни яратмас эдим”- ва қандай қилиб шундай бир шахс оддий нарсаларга муҳтож қолар? Чунончи, Оллоҳнинг ҳар бир Пайғамбари ва Унинг саҳобалари бошига тушган фақирлик, хасталик ва зиллатлар ҳақида эшитгансиз. Чунончи, Уларнинг саҳобалари бошларини шаҳарма-шаҳар ҳадя сифатида юбордилар, уларга ўзларига берилган вазифаларни бажаришга шафқатсизларча манъ қилдилар. Уларнинг ҳар бири Унинг Амри душманларининг қўлларида гирифтор қолиб, исталган куйга солиниб азобландилар.

81.

Маълумки, ҳар бир Зуҳур Даврида юз берадиган ўзгаришлар қора булутларни ташкил этадиким, улар бандаларнинг ички идрок кўзини илоҳий Моҳият машриғидан порлагувчи илоҳий Қуёш маърифатидан тўсгай. Зеро қаранг, йиллар давомида неча-неча насллар аждодларига кўр-кўрона тақлид қилиб, ўша шариатда муқаррар бўлган тартиб-қоидаларга оид тарзда тарбия топиб келарлар ва кўрарларки, уларнинг орасида яшайдиган, инсоний маҳдудияти билан ўзларидан фарқ этмайдиган бир шахс, тўсатдан майдонга чиқадию, уларнинг динлари амр этган барча қоидаларни бекор қилади,  – қайсиким, бу шариат қоидалари бўйича улар асрлар давомида тарбия топиб келдилар ва уларга қарши чиқиб, уларни инкор этган ҳар қандай шахсни кофир, фосиқ ва гуноҳкор ҳисоблаб келдилар — шубҳасиз, бу улар учун парда бўлар ва Унинг ҳақиқатини танимоқликдан маҳрум этар. Бундайин нарсалар “булутларки”, ботиний борлиғи инқитоъ Салсабилидан тотмаган, ёхуд илоҳий маърифат кавсаридан ичмаган кишиларнинг кўзларини тўсгай. Бундай кишилар мазкур ҳолларга учраганда, чунон пардаланарки, савол-жавобсиз Оллоҳ Мазҳарини кофир деб эълон қиларлар ва Уни қатл этишга маҳкум этиб, фатво берарлар. Чунончи, бундай нарсаларнинг замонлар узра бўлиб келганини кўрган ва эшитгансиз ва энди ҳам кузатарсиз.

82.

Шундай экан, бор кучимизни сарфлашимиз керак, токи Оллоҳнинг ғайб ёрдами ила ушбу зулматли ҳижоблар, ушбу самони парчалагувчи Раббоний имтиҳон булутлари бизга Унинг нурли Жамолини кўришимизга тўсқинлик қилмасин ва Уни фақат Унинг Ўзи орқали танийлик. Гар Унинг ҳақлигига далил истар бўлсак, биз биргина ҳужжат билан қониқишимиз керак, токи шу тарзда биз, Унинг интиҳосиз файзи Манбаси ҳузурида жамийки дунёвий файзлар ҳеч нарса бўлмаган Зотга етишгаймиз, наинки Унга ҳар кун бир хаёл ила эътироз этайлик ва ўз ҳою-ҳавасларимизга ёпишайлик.

83.

Субҳоноллоҳ! Жамийки инсонлар уйғонсин ва Оллоҳ фазли денгизининг мавжларидан бенасиб қолмасин дея, ғаройиб ишоралар ва ажойиб рамзлар тилида ўтмишда хабар этилган огоҳлантиришларга қарамай, бундайин нарсалар ҳали ҳам юз бераётганлигига шоҳидлик берилмоқда! Бундай мазмунлар Қуръонда ҳам нозил этилганки, чунончи буюрмиш: “Йўқса, улар Оллоҳнинг булутлар кўланкасида келишини кутармилар?”[lix] Оллоҳ Каломининг ҳарфига қаттиқ ёпишган уламолар, бу оятларнинг баъзиларини ўз хом хаёлларига кўра мавҳум қиёмат аломатларидан бири дея ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, бунинг мазмуни аксари самовий китобларда ёзилмиш ва кейинги Мазҳарнинг аломатлари барча матнларда зикр этилмиш.

84.

Ҳамчунин, У буюрмиш: “Бас, қалин тутун осмонни қоплайдиган ва барча одамларни ўраб оладиган кун, аламли азобдир”.[lx] Ифлос одамларнинг орзуларига зид бўлган айнан шу нарсаларни Раббул Иззат синов тоши ва мезон сифатида қарор этмишки, токи унингла бандалар синалсин, инсофли инсофсиздан, иймонли иймонсиздан ажралиб турсин. “Тутун” сўзининг рамзий маъноси чуқур ихтилофлар, одатий расм-русумларнинг йўқолиши ва нобуд бўлишини, ҳамда уларнинг тор тушунчали тарафдорларининг тамомила маҳв этилишини билдиради. Ҳозирда дунё одамларини ўз исканжасига олиб азоб бераётган ва улар қанчалик уринсалар-да, қутулишга умид қолдирмаган тутундан кўра қалинроқ ва кучлироқ яна қандай тутун бор? Улар ичида ёнаётган нафс алангаси шу қадар кучлики, улар ҳар онда янги азобларга гирифтордирлар. Зеро, Оллоҳнинг бу ижозкор Амрининг, улуғвор бу Зуҳурнинг бутун одамзодга очилганини ва кундан-кунга кучаяётганини эшитди дегунча, уларнинг қалбидаги аланга ўти янада авж олар. Кундан-кунга Унинг Ўзи ёрдам бераётган Оллоҳнинг шарафли ва мустаҳкам саҳобаларининг букилмас кучини, мутлақ инқитоъсини, саботли матонатини  кўрди дегунча, уларнинг юракларини чулғаган изтироб янада чуқурлашар. Ҳамдлар бўлсин Оллоҳга, ушбу кунларда Унинг Сўзи қудрати инсонлар ичра чунон ортдики, улар ҳеч бир сўз демоққа журъат этолмас. Модомики, улар Маҳбуб йўлида юзминг жондан бажонудил  кечиб, қурбон этмоққа ҳозир бўлган Оллоҳ дўстларидан бири билан юзма-юз келсалар, шунчалар қўрқарларки, Унга иймон келтирарлар, хилватда қолганларида эса, Унинг номини ҳақоратлаш ва лаънатлаш билан машғул бўларлар! Чунончи буюрмиш: “Улар сизни кўрганда: “Иймон келтирдик”, дерлар, аммо ҳоли қолганларида, сизларга бўлган қаттиқ ғазабларидан бармоқларини тишларлар. Айт: “Ғазабларинг билан ўлиб кетинглар”. Оллоҳ ҳақиқатда, юрагингиз қаъридаги яширин нарсаларни билгувчидир”.[lxi]

85.

Тез орада, сен илоҳий қудрат байроқларининг барча ўлкалар узра ҳилпираганини ва Унинг  салтанати ва ғалабаси нишоналарининг ҳар бир диёр ичра намоён бўлганини кўрарсан. Уламоларнинг аксарияти бу оятлар маъносини тушуна олмаганлиги ва Қиёмат Кунининг  маъносини англай олмаганлиги сабаб, бу оятларни ўзларининг уйдирма ва хато тушунчаларига кўра тафсир этмишлар. Ягона Ҳаққ Менинг шоҳидимдир! Гар озгина ички нигоҳ бўлса, ушбу икки оятнинг рамзий маъносидан Бизнинг нималар демоқчи бўлганимиз идрок этилгай ва Раҳмон инояти туфайли иқоннинг мунаввар субҳига етишса бўлар. Баҳо Сидраси бутоқлари узра куйлаётган боқий Жаннат Қушининг сенга бағишлаган тараннуми шул, токи сен Оллоҳ изни билан илму ҳикмат сўқмоғидан юра олгин.

86.

Энди эса Унинг: “У  Ўз  малакларини юборгай…” сўзлари ҳақида. “Малак” деганда, руҳ кучи ила қувватланган, Оллоҳга муҳаббат оташида инсоний сифат ва чекловларнинг барчасини ёндириб ташлаган, энг олий Вужудларнинг ва Kаррубин либосларини кийганлар назарда тутилар. Чунончи, ҳазрати Содиқ[lxii] Kаррубин васфида буюрар: “Аршнинг орқасида шиа йўлдошларимиздан иборат бир қавм турар”. “Аршнинг орқасида” иборасининг турлича бўлган кўплаб маънолари бордир. Бир маънода, улар ҳақиқий шиаларнинг мавжуд эмаслигини кўрсатар. Чунончи, бошқа бир ерда буюрмиш: “Ҳақиқий мўмин мисли кимё тошидир”. Тингловчисига хитоб айлаб, у сўрар: “Сен кимё тошини ҳеч кўрганмисан?” Ҳар қандай тилдан чечанроқ бўлган бу рамзий тилнинг нақадар тўғридан-тўғри эканлигини қаранг,  у ҳақиқий мўминнинг мавжуд эмаслигидан далолат беради. Содиқ бунга шаҳодат берар. Энди, сўзлари иймонни муқаррар этгувчи шахсларни кофир дегувчи, ўзлари эса, иймоннинг ҳидини туя олмаган инсофсизларнинг кўплиги устида мулоҳаза эт.

87.

Бу муқаддас вужудлар ўзларини ҳар қандай инсоний чекловлардан шунчалик пок ва муқаддас айлаб, руҳий ахлоқ соҳиблари хусусиятларига эга бўлиб, муборак шахсларнинг олийжаноб сифатлари ила безанмишларки, шу боис, улар “малаклар” деб аталмишлар. Бу оятларнинг маъноси  шундай, улардаги ҳар бир сўз энг ойдин битиклар, энг ишончли далиллар ва тасдиқланган исботлар кўмагида изоҳ этилмиш. 

88.

Исо умматлари бу сўзларнинг маъносини тушуна билмаганларидан, чунончи ўзлари ва уламоларининг кутган аломатлари зоҳир бўлмаганидан, Исо замонидан буён зуҳур этилмиш, ўшал Муқаддаслик Мазҳарларининг ҳақиқатини танимоқликдан ҳануз тонгайлар.

Улар ўзларини Оллоҳнинг муқаддас файз ёмғирларидан ва Унинг илоҳий каломларининг мўъжизаларидан маҳрум этдилар. Бу Қиёмат Кунида, ушбу бандалар даражасининг пастлиги шундай. Гар ҳар бир даврда илоҳий Зуҳур аломатлари ҳадислар матнига уйғун ўлароқ, кўринар оламда юз берса эди, ҳеч ким на инкор этгану, на юз ўгирган бўларди ва на ярлақаланган пасткашдан, на гуноҳкор тақводордан фарқланмай қолишини, улар ҳатто тушуна олмадилар. Инсоф ила мулоҳаза эт: агар Инжилда ёзилган башоратлар ҳарфма-ҳарф амалга ошганида; агар Марям ўғли Исо малаклар қуршовида булутлар узра кўринар самодан тушганида; кимнинг ишонмасликка, ёхуд ҳақиқатни инкор этишга ва кибрланишга ҳадди сиғар эди? Йўқ, ер юзи аҳлини шундай бир ваҳима қамраб олардики, наинки ҳақиқатдан тонсин ёки уни қабул этсин, ваҳоланки ҳеч ким ҳатто бир сўз дея олмасди. Бу ҳақиқатларни янглиш тушунганлари сабаб кўпгина насроний уламолар Ҳазрат Муҳаммадни инкор этдилар ва шундай сўзлар ила эътироз этдилар: “Агар сен, чиндан ҳам ўша ваъда этилмиш Набий бўлсанг, бас, не учун бизнинг муқаддас китобларда ёзилганидек, ваъда этилмиш Жамол билан биргаликда келгувчи, Унинг Амрида Унга кўмак бергувчи ва бандаларни огоҳлантирувчи малаклар қуршовида келмассан?”. Чунончи, Иззат Соҳиби улар тилидан ёзмиш: “Не учун Унинг бирла огоҳлантирувчи бир малак юборилмагай?”[lxiii]

89.

Бундай эътироз ва ихтилофлар ҳар бир давр ва асрда давом этиб келган. Инсонлар ҳамиша бундай бемаъно суҳбатларга берилганлар ва эътироз этганлар: “Нега фалон аломат юз бермади ёки фалон исбот намоён бўлмади?” Улар, ўзлари яшаган давр уламоларининг йўл-йўриғига ёпишиб, ушбу инқитоъ Жавҳарларини, ушбу муқаддас ва илоҳий Зотларни қабул қилиш ёки инкор этишда уларга кўр-кўрона тақлид этганликлари сабаб, бундай иллатга дучор бўлдилар. Бу пешволар ўз нафсоний эҳтирослари ичра ғарқ бўлиб, ўткинчи ва қабиҳ ишлар билан машғул бўлганлари боис, ушбу Боқий Қуёшларни, ўз билим ва тушунчаларининг мезонига зид, ҳамда ўз ҳатти-ҳаракатлари ва қозиликларига қарши деб билдилар. Улар Оллоҳ Каломини, Аҳадият Ҳарфларининг айтганларини ва ҳадисларни сўзма-сўз маънода шарҳлаганликлари ва уларни чекланган тушунчаларига мос равишда изоҳ этганликлари сабаб ўзларини, ҳамда ўз халқларини Парвардигор фазлу марҳаматининг баракали ёмғирларидан узоқлаштириб, маҳрум этмишлар. Гарчанд, улар машҳур бўлмиш ушбу ҳадисни эътироф этарлар: “Дарҳақиқат, Бизнинг Сўзимиз қийиндан қийиндир”. Бошқа бир жойда эса буюрар: “Бизнинг Амримиз синовли даражада қийиндир; суюкли малаклар ва илҳомланган Набий ёхуд қалб иймони Оллоҳнинг имтиҳонидан ўтган бандадан бошқа ҳеч ким унга таҳаммул эта билмас”. Бу пешволарнинг эътироф этишларича, бу махсус уч шартдан ҳеч бири уларга тўғри келмас. Дастлабки икки шарт уларнинг идрокидан олислиги яққолдир; учинчисига келганда эса, равшанки, улар ҳеч вақт Оллоҳ юборган имтиҳонлардан ўтолмадилар ва илоҳий Синов Тоши пайдо бўлганида, ҳийладан ортиғига ярамадилар.

90.

Субҳоноллоҳ! Ушбу ҳадиснинг тўғрилигига иқрор бўлганликларига қарамай, ўз динларининг шаръий чалкашликлари борасида ҳануз шубҳаю-гумонда бўлган ва булар устида мубоҳиса этгувчи бу уламолар, Оллоҳ қонунининг шарҳловчиси ва Унинг муқаддас Каломи моҳияти сирларининг тафсирчиси бўлмоққа иддао этгайлар. Уларнинг ишончлари комилки, кутилмиш Қойимнинг келишидан дарак берувчи ўша ҳадислар ҳали ҳам амалга ошмади, ҳолбуки, ўзлари бу ҳадислар маъносининг ҳидини туя билмадилар ва ҳанузгача бехабардирларки, жамийки башорат этилган аломатлар зоҳир бўлмиш, Оллоҳ муқаддас Амрининг сироти очилмиш, ҳатто содиқ мўминлар гуруҳи, у йўлдан яшин каби кечиб бораётирлар, унда нега ўшал ахмоқ уламолар башорат этилган аломатларга ҳануз мунтазирлар. Айт: “Эй жоҳиллар тўплами! Сиздан аввал кутганлар каби, ҳали ҳам кутаверинг!”

91.

Агар Биз аввалроқ айтиб ўтганимиздек, Муҳаммад Ваҳийсидан ва Унинг Зуҳури қуёшининг кўтарилишидан дарак бергувчи ўша аломатларнинг сўзма-сўз маънода ҳеч бири амалга ошмагани ҳақида улардан: “Нега сиз насронийлар ва бошқа умматлар илгари сурган далилларни рад этдингиз ва уларни кофир деб атадингиз?” деб сўралса, қандай жавоб беришларини билмай, шундай дерлар: “Бу китоблар таҳриф этилган ва улар ҳеч қачон Оллоҳ томонидан нозил бўлмаган”. Фикрланг: оятлардаги сўзлар ойдинлиги уларнинг Оллоҳдан эканлигини исботлар. Гар тушунганлардан бўлсангиз, Қуръонда ҳам худди шундай бир оят нозил бўлгандир. Чин айтурман, бу муддат давомида улар таҳрифнинг нима эканлигини асло тушунмадилар.

92.

Ҳа, Муҳаммадий Зуҳур қуёшини акс эттирган Ойналарга нозил бўлмиш оят ва калималарда  “олий зотлар томонидан киритилган таҳриф” ва “такаббурлар киритган ўзгартиришлар” ҳақида зикр этилгандир. Лекин, булар фақат махсус ҳолатларга тегишлидир. Улардан бири Ибни-Сурайё ҳикоясидир. Хайбара аҳли оилали эркак билан оилали аёл орасида бўлган зино учун жазо ҳақида Муҳаммадий Зуҳурнинг марказий нуқтасидан (Фирқон нуқтасидан) сўраганларида, Ул Зот буюрмишлар: “Оллоҳнинг ҳукми тошбўрон қилиб ўлдиришдир”. Бу замон улар эътироз билдириб дедилар: “Тавротда бундай ҳукм йўқ”. Муҳаммад жавоб берди: “Роввинларингиз орасида кимни мусаллам ва ҳақиқатни биладиган шахс сифатида қабул этасиз?” Улар шундай бир киши Ибни-Сурайё эканлигини маълум қилдилар. Шунда, Муҳаммад уни ёнига чорлаб деди: “Сизлар учун денгизни ёрган, кўкдан сизларга манна унини туширган, булутлар ила сизларга соя солган, сизларни Фиръавн ва унинг қувғинидан қутқарган, сизларни барча инсонлардан устун этган Оллоҳ ҳаққи, Сендан сўрайман, оилали эркак билан оилали аёл орасида бўлган зино борасида Мусонинг ҳукми недир?” У жавоб берди: “Ё Муҳаммад! Тошбўрон қилиб ўлдирмоқ”. Ҳазрат буюрдилар: “Бас, унда не учун бу қонун яҳудийлар орасида бекор этилган ва тадбиқ этилмас?” Ибн-Сурайё арз этди: “Навохудоносор Байтул-Муқаддасни ўтга солиб, жамийки яҳудийларни қатл этганида, фақат бир неча нафаргина омон қолдилар. Ўша давр уламолари яҳудийлар сонининг жуда оз қолганини ва Амолиқлар сонининг кўплигини кўриб, тўпланиб маслаҳат қурдилар ва шундай бир қарорга келдиларки, агар Тавротнинг ҳукми қўлланилса, Навохудоносорнинг қўлидан қутулган ҳар кимса Китоб ҳукмига биноан ўлдирилиши керак. Буни назарда тутиб, улар ҳар қандай қатл жазосини тамомила бекор этдилар”. Шу замон Жабройил Муҳаммадга нозил бўлиб, унинг мунаввар қалбини ушбу сўзлар ила илҳомлантирди: “Улар Оллоҳ Сўзи матнини таҳриф этарлар”.[lxiv]

93.

Бу, айтиб ўтилган мавзулардан биридир. Бу ўринда, матннинг “таҳриф бўлиши”нинг маъноси ахмоқ ва пасткаш кимсалар тасаввур этганларидек эмас, чунончи улардан баъзиларининг айтишича, яҳудий ва насроний уламолар Муҳаммад талъатини васф этгувчи оятларни Китобдан ўчирмишлар ва унга унинг акси бўлган нарсаларни киритганлар. Бундай сўзлар ниҳоятда бемаъни ва асоссиздир! Наҳот Китобга ишонган, унинг Оллоҳдан эканлигига иймон келтирган инсон унга ўзгартириш киритар? Бундан ташқари, Таврот фақат Маккаю Мадинада эмас, балки бутун ер юзига ёйилган бўлиб, уни яширинча ўзгартириш ёинки таҳриф этишнинг иложи йўқ эди. Аксинча, матн таҳрифи деганда, барча мусулмон уламоларининг бу кунда машғул бўлган нарсалари назарда тутилар, яъни Оллоҳнинг муқаддас Китобига ўз нафсу-ҳаво ва хом-хаёлларига уйғун ҳолда маъно ва тафсир берарлар. Ҳазрат Муҳаммад замонидаги яҳудийлар Тавротда Ул Зотнинг зоҳир бўлиши билан боғлиқ Китоб оятларини ўз ҳою-ҳавасларига мос ҳолда тафсирлаганлар ва Унинг муқаддас битикларидан қониқмаганлари ва рози бўлмаганликлари учун, уларга нисбатан “таҳриф этгувчилар” ҳукми берилгандир. Худди шу тарзда, бугун ҳам шу нарса аёнки, Қуръон аҳли кутилаётган Зуҳурнинг аломатлари билан боғлиқ бўлган Китоб оятларини таҳриф этмиш ва уни ўз майл ва ҳою-ҳавасларига мос равишда шарҳламиш.

94.

Бошқа бир жойда, У буюрар: “Улардан бир қисми Оллоҳ Каломини эшитадилар, сўнгра уни англаб етганларидан кейин, уни билиб туриб таҳриф этадилар”.[lxv] Бу оят шундан далолат берарки, сўзларнинг ўзигина алмаштирилмаган, балки Оллоҳ сўзининг мазмун-моҳияти таҳриф этилмишдир. Бунга соғлом фикрли ҳар кимса шаҳодат берар.

95.

Яна бошқа бир жойда, У буюрар: “Ўз қўллари билан Китобни бузиб кўчириб ёзган, сўнгра озгина қийматга сотиш учун: `Бу Китоб Оллоҳдандир` дейдиган кимсалар ҳолига вой”.[lxvi] Бу оят Яҳудий уламо ва пешволарига нисбатан нозил бўлмишдир. Бу уламолар бойларга хушомадгўйлик кўрсатмоқ, дунёвий манфаатларга эга бўлмоқ, ўз ҳасад ва куфрларига эрк бермоқ учун Ҳазрат Муҳаммадга қарши қатор раддиялар ёздиларки, ўз далилларини бу ерда айтиш жоиз бўлмаган исботлар билан асослаб, ўз далилларига Тавротдан олинган деб нисбат бердилар.

96.

Чунончи, бугун ҳам худди шундай ҳолатни кўриш мумкин. Ушбу замоннинг нодон уламолари, мазкур янги Амрни маҳв этмоқ учун қанча раддиялар ёздилар! Бу бўҳтонларни Оллоҳнинг муқаддас Китоби оятларига ва оқилларнинг сўзларига ҳамоҳанг дея, нақадар ботил хаёлларга берилдилар.

97.

Бу нарсаларни нақл этмоқдан мақсадимиз сизни огоҳ этишдирки, агар улар Инжил оятларида келтирилган аломатларнинг таҳриф этилганидан гапирсалар, уларни рад этсалар ва уларнинг ўрнига бошқа оят ва ҳадисларга ёпишсалар, билингки, уларнинг  сўзлари ошкора ёлғон ва мутлақ туҳматдир. Ҳа, матнинг Биз айтган маънода “таҳрифланиши” муайян ҳолларда дарҳақиқат юз бергандир. Чунончи, улардан баъзиларини Биз эслатиб ўтдик, токи ҳар бир басират соҳибига маълум ва равшан бўлсинким, устоз кўрмаган илоҳий Кишиларга инсоний билимдонликни қамраш қудрати берилмишки, бадхоҳ душманлар Бизни гўё билимсизлик туфайли бу нарсаларни сўйлайди дея, фалон оятнинг матни “таҳриф” этилганлиги устида мубоҳиса ва даъво этмасинлар. Бундан ташқари, матннинг “таҳриф” бўлганини кўрсатадиган оятларнинг аксарияти Яҳудийларга нисбатан нозил бўлгандир, илло Қуръон Зуҳури оролларини тадқиқ этганлардан бўлсангиз.

98.

Биз баъзи ахмоқларнинг самовий Инжилнинг асл матни насронийлар орасида мавжуд эмас ва у осмонга кўтарилмиш деб таъкидлаганини эшитдик. Уларнинг хатоси қанчалар оғир! Марҳаматли ва меҳрибон Парвардигорга нисбат бериб, ғафлат ичра баён этилган бундай даъволар қанчалар энг мудҳиш зулм ва жабрдир! Исо Жамолининг Қуёши Унинг қавми кўзидан ғойиб бўлиб, тўртинчи фалакка юксалганида, наҳот Оллоҳ Унинг халқи орасида, Унинг энг буюк далили бўлмиш, Унинг Муқаддас Китобини ҳам ғойиб қилгай? Исо замонининг Қуёши ботгач, то Mуҳаммад Зуҳурининг Қуёши чиққунига қадар, бул инсонлар нимани маҳкам тутишлари керак эди? Қайси қонундан улар таянч ва ҳидоят топсин эди? Нега энди бу одамлар, ҳақиқий Қасоскор Оллоҳнинг интиқом ғазабининг қурбони бўлсинлар эди? Нечун Самовий Султон уларни Ўз жазо-ю, азоб қамчисига гирифтор этсин эди? Қолаверса, буларнинг бариданда устунроқ, Файз Соҳибининг фазл селлари нечун тугасин эди? Нечун Ижод Султони раҳмат дарвозаларини беркитсин эди? Бандаларнинг Оллоҳ ҳақида қилган уйдирма-гумонларидан, Унинг Ўзидан паноҳ топгаймиз! У, улар идрокидан юксакдир!

99.

Эй азиз дўст! Эндиликда, Оллоҳнинг ушбу азалий субҳи-саҳари ёришганда, Унинг “Оллоҳ осмону ва замин нуридир”[lxvii] муқаддас сўзларининг ёғдуси инсон оламини мунаввар этганда, Унинг исмат ва муҳофаза чодири “Оллоҳ Ўз нурини мукаммал этмоқни истамиш”[lxviii] муборак баёни ила тикланганда ва қудрат Қўли Унинг “Ҳар нарсанинг салтанати Унинг қўлидадир” шаҳодатини тутиб, ер юзининг барча халқлари ва қавмлари узра чўзилганда, белни ҳиммат камари ила маҳкам боғлаш керак, шоядким илоҳий инояту кароматлар туфайли “Дарҳақиқат, Оллоҳданмиз” қудсий шаҳрига дохил бўлайлик ва “Унга қайтгаймиз” иззат манзилидан қарор топайлик. Оллоҳ изни ила сен қалб кўзини дунёвий обу гилдан поклашинг керак, токи илоҳий ирфоннинг интиҳосиз мартабасини англагайсан, Ҳаққни шу қадар аниқ кўрурсанки, токи Унинг борлигига исбот талаб қилмассан, Унинг шаҳодатини тасдиқлагувчи далилга эҳтиёж сезмассан.

100.

Эй тиришқоқ изланувчи! Гар сен руҳнинг муқаддаслик фазосига парвоз этсанг, Оллоҳнинг ҳар нарса устидан зоҳир ва юксак эканлигини тан олган бўлардингки, кўзларинг Ундан бошқани кўрмасди. “Оллоҳ танҳо эди; Ундан бошқа ҳеч ким йўқ эди”. Бу мақом, бирон далилнинг унга далолат бериши ва ёки бирон исбот унинг ҳақиқатини исботлашидан муқаддасдир. Агар сен ҳақиқатнинг қудсий фазосига сайр этсанг, барча нарсаларнинг фақат Унинг маъруфиятига ошнолик орқали маъруф бўлишини кашф этардинг, У, ҳамиша Ўз воситаси орқали танилмиш ва танилажакдир. Ва агар сен исботлар диёрининг яшовчиси бўлсанг, Унинг буюргани билан кифояланарсан: “Ахир уларга Биз нозил этган китоб кифоя эмасми?”[lxix]  Мана Унинг Ўзи амр этган исбот; бунданда буюкроқ исбот бўлмаган ва бўлмайди: “Унинг Сўзи бунга исботдир; Унинг Ўзи Ўз ҳақиқатига далилдир”.

101.

Энди эса, биз Баён аҳлидан - бутун орифу оқиллардан, уламою шоҳидлардан ўтиниб сўраймизки, улар ўз Китобларида ёзилган панду насиҳатларни унутмасинлар. Қўйингки, назарларини доимо Унинг Амрининг моҳиятига қаратсинлар ва қачонки Жавҳарлар Жавҳари, Ҳақиқатлар Ҳақиқати, Нурлар Нури бўлмиш Ул Зот намоён бўлганида, мабодо улар Китобнинг баъзи ибораларига ёпишиб, Қуръон Шариати пайтида солинган маломатларни Унинг ҳам бошига солмасинлар. Зеро, Ул илоҳий Қудрат Султони, Ўз ижозкор сўзларининг биргина ҳарфи ила Баённи ва Баён аҳлини ҳаёт нафасидан жудо этишга ва биргина ҳарфи ила уларни нафсу ҳаво қабрларидан кўтариб, уларга янги ва абадий ҳаёт бағишлашга қодирдир. Эътиборли ва огоҳ бўлинг; ҳар нарсанинг охирати Унга иймон келтиришда, Унинг кунини ва Унинг дийдори ҳузурини англаб етишда эканлигини ёдда сақланг. “Юзингизни Машриқ ёки Мағрибга қаратмоқ тақво эмас, Оллоҳга ва охират кунига ишонмоқ тақводир”.[lxx]  Эй Баён аҳли, Биз сизга насиҳат этган ҳақиқатга қулоқ тутингки, шояд Оллоҳ Кунида бутун инсоният узра солинмиш кўланка остидан паноҳ топгайсиз.

Биринчи қисмнинг якуни

 

[i] Қуръон 36:30

[ii] Қуръон 40:5.

[iii] Қуръон 11:38.

[iv] Қуръон 71:26.

[v] Қуръон 29:2.

[vi] Қуръон 35:39.

[vii] Қуръон 11:61, 62.

[viii] Abraham.

[ix] Қуръон 40:28.

[x] Қуръон 11:21.

[xi] Қуръон 2:87.

[xii] Қуръон 3:70.

[xiii] Қуръон 3:71.

[xiv] Қуръон 3:99.

[xv] Қуръон 3:7.

[xvi] Қуръон 76:9.

[xvii] Қуръон 5:117.

[xviii] Қуръон14:24.

[xix] The Greek word used (Thlipsis) has two meanings: pressure and oppression.

[xx] Matthew 24:29–31

[xxi] The passage is quoted by Bahá’u’lláh in Arabic and interpreted in Persian

[xxii] Luke 21:33.

[xxiii] “Lamentation” attributed to the Twelfth Imám.

[xxiv] Қуръон 55:5.

[xxv] Қуръон 67:2

[xxvi] Қуръон 76:5.

[xxvii] Қуръон 6:91

[xxviii] Қуръон 41:30.

[xxix] Қуръон 70:40.

[xxx] Қуръон 82:1

[xxxi] Қуръон 14:48.

[xxxii] Қуръон 39:67

[xxxiii] The direction toward which the face must be turned when praying.

[xxxiv] Mecca.

[xxxv] Medina.

[xxxvi] Қуръон 2:144.

[xxxvii] Prostrations.

[xxxviii] At Mecca.

[xxxix] Қуръон 2:149.

[xl] Қуръон 2:115.

[xli] Қуръон 2:143.

[xlii] Қуръон 74:50.

[xliii] Қуръон 28:20.

[xliv] Қуръон 24:35.

[xlv] Қуръон 26:19.

[xlvi] Қуръон 19:22.

[xlvii] Қуръон 19:28.

[xlviii] Matthew 2:2.

[xlix] Қуръон 3:39.

[l] Matthew 3:1–2.

[li] Shaykh Aḥmad-i-Aḥsá’í and Siyyid Káẓim-i-Rashtí.

[lii] Қуръон 55:29.

[liii] Қуръон 51:22.

[liv] Қуръон 2:282.

[lv] Қуръон 55:56.

[lvi] Қуръон 2:87.

[lvii] Қуръон 25:25.

[lviii] Қуръон 25:7.

[lix] Қуръон 2:210.

[lx] Қуръон 44:10.

[lxi] Қуръон 3:119.

[lxii] The sixth Imám of the Shí‘ihs.

[lxiii] Қуръон 25:7.

[lxiv] Қуръон 4:45.

[lxv] Қуръон 2:75.

[lxvi] Қуръон 2:79.

[lxvii] Қуръон 24:35.

[lxviii] Қуръон 9:33.

[lxix] Қуръон 29:51.

[lxx] Қуръон 2:177.

 

 

 

 

ГЛОССАРИЙ

А

Анбиёлар - Оллоҳ Элчилари

аброр - эзгу ишларни амалга оширгувчилар

Абҳо - энг шукуҳли, энг шон-шуҳратли

анқо - афсонавий ноёб қуш

амин - ишончга эга бўлиш

арз - ер, замин

асфиё - сайланмиш зотлар, сайланган

ашрор - шарирлар, бадкирдорлар

Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин - Оламларнинг Рабби бўлмиш Оллоҳга  ҳамду санолар бўлсин

ағёр - душманлар, ётлар, ёрга қарши бўлганлар

асҳобалар - яқинлар, содиқ издошлар

азамат - улуғворлик, буюклик  

Азалий Жамол - Оллоҳ Жамоли

Б

билъакс - аксинча

Билқис - Яман юрти ва маликасининг номи, Сабо, Шиба ҳам дейилади

ботил - фойдасиз, пуч, хато

ботин - ички, ичидан

безавол - ўчмас, ўлмас, сўнгсиз, туганмас

беҳишт - жаннат

бениҳоя - чек-чегарасиз

басират - ички ёришув (озарение)

В

вожиб - албатта ижро этилиши лозим бурч

ворид - кирмоқ, дохил

воқиф бўлиш - ҳамма нарсадан хабардор бўлиш

васф - сифатлаш, таърифлаш

ваҳдат - бирлик, бирдамлик

Г

гина - кек тутмоқ, ғаш

гўша - маскан, маъво  

ганж, ганжина - қимматбаҳо тош, бойлик

Д

дохил бўлмоқ - кирмоқ

дудоқ - лаб

Ё

Ёнар Сидра - Мусога кўринган Ёнар бута

Ёритқичлар - Оллоҳ Элчилари, Мазҳарлари

 

Ж

жабарут - илоҳий анбиёлар макони,  юксаклик

жавҳар - моҳият

жамол - чирой

жаҳд - саъй-ҳаракат қилмоқ

жоҳил - билимсиз, нодон

Жалол - шон, шуҳрат, шан

жаҳолат - билимсизлик

З

залолат - гумроҳлик, адашмоқлик

зоҳирий - ташқи, сиртдан

зиллат - камситилиш, хўрлик

зулмат - қоронғулик

забаржад - олтин ва зангори рангли қимматбаҳо тош

заҳмат - ташвиш

завол - йўқ бўлмоқ

И

иддао - даъво этмоқ,

инқитоъ - халос бўлиш, кўнгил боғламаслик, кўнгил узиш

исёнкор - исён кўтарувчи, норозилик кўрсатувчи

истисно - фақат шундан ташқари

ижозкор - ажойиб, мўъжаз, эъжозкор

илми зоҳир - ташқи илм

илми ботин - ички илм

 

К

кўланка - соя

кабир - буюк, катта

кофур - араблар ичимликка аралаштирадиган, хушбўйлик ва хуштаъмлик берувчи модда

кофур чашмаси - жаннатдаги камфора чашмаси

Каррубин - юксак мақомга эга фаришталар

Л

ломакон - аввали ва охири йўқ маконсизлик, ҳудудсизлик, илоҳият

лоязол - абадий, азалсиз

латиф - нозик

лаҳн - овоз оҳанги

М

мақсуд - қалб истаги, кўнгил мақсади

малакут - илоҳий самовот, юксак малаклар гўшаси,  юксак самовий олам

матлуб - кўнгил истаги

Маъбуд - ибодатга лойиқ Зот

маъюс - умидни ва ишончни йўқотмоқ ҳолати

маҳфуз - ҳифз ва ҳимоя остида

мунис - яқин дўст

мунислик - яқин ишончли муносабатда бўлишлик, ҳамсуҳбатлик

Муҳаймин-ул Қайюм - бало қазода мададкор ва абадий бирубор

мушк-анбар - хушбўйлик, атир ҳиди

матлаб - мақсад

мазлум - хўрланган

машриқ - қуёш чиқар жой

мутавозеъ - такаббурлик ва манманликнинг акси бўлган сифат

муқаррар - аниқ

мухолиф - ёт, қарама-қарши

мақбул - маъқул, яхши

муҳташам - ҳашаматли

мутаносиб - мос

мужда - хушхабар

мискин - бечора, фақир

маҳв - ўлим, йўқлик, нобудлик

Мазҳарлар - Оллоҳ Элчилари

мусаллам - сўзсиз ҳақиқат, воқеълик

мажусийлар - зардуштларнинг мусулмонларда аталиши

Н

нор - дўзах оташи

нашъа - хушҳоллик

О

ораз - вужуд нурларининг мазҳари

оний - бир сониялик, бир онлик

 

Р

Рафиқ - дўст, маҳрам

ридо - узун устки кийим

розилик - қаноат қилиш, бор нарса билан рози бўлиш

Ризвон - жаннат боғи

риё - алдов, хиёнат

ружуъ - муккасидан тушмоқ, боғланмоқ

разиллик - пасткашлик

С

салсабил - беҳишт чашмаси

сарроф - яхшини ёмондан ажрата олувчи, нарса қийматини баҳоловчи, заршунос

сафо - руҳий айш

Садратул Мунтаҳо - йўл охирида ундан кейин йўл йўқлигини белгиловчи дарахт, инсоний онг ва тафаккур ета олмайдиган Илоҳий Зуҳур мақомини англатадиган рамз

соғар - қадаҳ, май солинадиган пиёла ёки идиш, орифнинг қалби

Соқий - маърифат, ҳақиқат бодасини улашувчи, барча мавжудотга файз берувчи, сархушлик улашувчи манбадир.

сайқал - тоза ялтирагунга қадар ишлов бериш

субҳоний -  муқаддас

соҳа - ҳузур

сармоя - инвестиция

Т

Таборакаллоҳу аҳсанул ҳолиқин - Оллоҳга, Мукаммал Холиққа санолар бўлсин.

тавҳид - Оллоҳдан бошқа Илоҳ йўқлигига гувоҳлик бергувчи Қуръон калимаси

таслим - бас қилиш, ўзни тийиш

толиб - изланувчи

тавоф - зиёрат мақсадида эҳтиромли айланиш

таҳликали - хавфли

талвиҳ - рамзий белгилар

таҳриф -маъно бузилиб ўзгартирилиши

У

уфқ - горизонт

ун - сас, овоз

Ф

фирдавс - жаннат

фироқ - айрилиқ

фиғон - дод, нола, йиғи

фориғ - озод

Ҳ

Ҳалилуллоҳ - Ҳазрат Иброҳим

ҳирс - нафсни тия олмаслик

ҳаворийлар - Исо Масиҳнинг 12 шогирди, издоши (апостол)

Ш

ширк - Худога шериклик қўшганлар

шаҳват - жисмоний хоҳиш, ҳавас

шабнам - шудринг, кечаси гул баргида пайдо бўладиган томчи сув

шаън - ғурур

шажара -дарахт

шарир - ёмон иш қилувчи

Қ

қурб - яқинлик

қудсий - муқаддас

қашқир - бўри

қоний - қаноат қилмоқ

қабиҳ - пасткаш

Ғ

ғано - сарват, ирфоний бойлик

ғафлат - бепарволик, била-кўра туриб тушунмаслик, эътиборсизлик

ғубор - чанг-тўзон, ифлослик

Ғулом - ёш йигит

ғофил - руҳан уйқуда ётмоқ, бепарво

ғаний - бой

ғилоф - қин

ғайб - яширин

ғуфра - болохона, хонақоҳ (веранда)

Found a typo? Please select it and press Ctrl + Enter.